Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) Бош котиби Петтери Таалас ташкилотга аъзо мамлакатларга COVID-19 пандемияси даврида метеорологик ҳодислар билан боғлиқ хавфларнинг олдини олиш учун миллий миқёсда об-ҳавони кузатиш ва эрта огоҳлантириш муҳимлиги тўғрисида мурожаат қилди.
Петтери Таалас Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) номидан COVID-19 пандемиясига қарши курашаётган аъзо давлатлар билан бирдамликни изҳор қилди ва касаллик туфайли бугунги кундаги йўқотишлар муносабати билан чуқур таъзия билдирди.
«Биз соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг янги тарихда мисли кўрилмаган, бутун дунёда инсонларга кулфат келтираётган ҳамда турмуш тарзимизни, иш ва коммуникациялар шаклини ўзгартираётган глобал инқирозга дуч келдик. Коронавирус инфекциясининг пандемияси глобал миқёсда тезкор қатъий жавоб чоралари кўришни талаб қилишига қарамасдан , биз жамиятларимизга айниқса бугунги қийин даврда таҳдид солаётган сув тошқини, қурғоқчилик ва тропик циклонлар каби хавфли метеорологик ҳодисаларга нисбатан огоҳликни йўқотмаслигимиз зарур. Иқлим ўзгаришининг таъсири ҳамда об-ҳаво билан боғлиқ табиий офатлар сонининг кўпайиши муаммоси авалгидек долзарбдир. COVID-19 пандемияси мамлакатлар миқёсида хавфли ҳодисалар билан боғлиқ таҳдидни чуқурлаштириши мумкин. Шунинг учун ҳукуматлар COVID-19 пандемияси юзага келтираётган инқирозли вазиятга қарамасдан миллий миқёсда об-ҳавони кузатиш ва эрта огоҳлантириш имкониятларига эътибор қаратишлари муҳим» — дейилади мурожаатда.
ЖМТ Бош котиби миллий метеорология ва гидрология хизматларининг инсонлар ҳаёти ва яшаш воситаларини ҳимоялаш, шунингдек, гуманитар фаолият ва табиий офатларни бошқаришни қўллаб-қувватлаш учун об-ҳаво, иқлим ва сув ресурслари билан боғлиқ барча соҳаларда тутган муҳим ўринларини таъкидлаб ўтди.
«Мен миллий метеорология ва гидрология хизматларининг ўз ходимларини қўллаб-қувватлаш ҳамда пандемиянинг уларнинг хизматлар тақдим этиш бўйича миллий, минтақавий ва глобал мажбуриятларига потенциал таъсирини юмшатиш борасида амалга ошираётган ташаббусларини юқори баҳолайман. Миллий метеорология ва гидрология хизматлари коронавирус инфекцияси пандемияси натижасида юзага келган жиддий қийинчиликларга қарамасдан кечаю-кундуз дам олиш кунларисиз ўз муҳим функцияларини бажаришда давом этмоқдалар. Биз уларнинг инсонлар ва мулкни ҳимоя қилиш ишига содиқликларини юқори баҳолаймиз, шунингдек, салоҳият ва ресурслар борасидаги катта чекловларни ҳам эътиборга оламиз.
Жаҳон метеорология ташкилоти шундай мураккаб даврда ҳаётий муҳим бўлган гидрометеорологик хизматларни узлуксиз тақдим этишда миллий метеорология ва гидрология хизматларини қўллаб-қувватлаш учун бутун кучни ишга солади деб Сизни ишонтирамиз», — деди у.






