АсосийЖАМИЯТ

Филология фанлари номзоди: Захаровалар халқнинг маънавий тиргаги – тилнинг қудратга келишидан ўлгудай қўрқади

Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарованинг Ўзбекистонда давлат тилида иш юрити...

'Филология фанлари номзоди: Захаровалар халқнинг маънавий тиргаги – тилнинг қудратга келишидан ўлгудай қўрқади'ning rasmi

Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарованинг Ўзбекистонда давлат тилида иш юритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси юзасидан айтган гапларини узоққа мўлжалланган стратегиянинг баёни дейиш мумкин, дейилади филология фанлари номзоди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Олим ТОШБОЕВнинг Ўз А да эълон қилинган мақоласида.

Кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлаётган баёнот ҳақида Олим ТОШБОЕВнинг фикрлари билан қуйида танишингиз мумкин: 

" ... аслида, Россия император Николай иккинчининг мардикорликка олиш ҳақидаги фармонини амалда бекор қилмагани, истиқболда ҳам тил-забони йўқ, ҳақ-ҳуқуқини талаб этмайдиган мардикор истаётганини кўрсатди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги билиб-билмай “Ўзбекистон бизнинг мулкимиз” деган нуқтаи назарини ошкор этди. 

Улар ўзбекнинг бугун ҳам, эртага ҳам эгнини қисиб, “Майлими, она тилимда гапирсам” дейишини хоҳлайди. Бундай шовинист мустабидни дунё кам кўрган. Нега энди мустақил бир давлатнинг миллий тилига, маънавий сарҳадларига бошқа бир давлат маҳкамалари ҳакамлик қилиши керак?!

 Қани давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат?! Ўзбекистонга пўписа қилаётган маҳкама Олмония, Фарангистон, Япония, Туркияга шундай муносабат қилиб кўрсин-чи!


Захаровани олқишлаётганлар ўзимизнинг “ўзбеклар”. Антеннаси Кремлга қараган миллатдошларимиз. Бу бадбинлар халқнинг беминнат нонини еб, раҳматни ўзгаларга айтишни маданият деб билган бир тўда. Бу манфур гуруҳнинг миллий маънавиятимизга етказган зиёнини ҳеч нима билан ўлчаб бўлмайди. 

Уларнинг уруғи 1865 йилнинг саратонида Тошкентни қамал қилиб, сувсиз қолган элни таслим бўлишга мажбурлади, Қўқоннинг бор бойлигини араваларга ортиб, чор маъмурларидан паноҳ сўради, “Босмачи” деган сўзни ўйлаб топиб, босқинчиларга қарши курашган ватанпарварларни аямасдан қирди. Кейин миллат гуллари – зиёлиларни отди! 

Бу қирғинлардан эллик йил ўтиб-ўтмай “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” деган туҳматларни ўйлаб топиб, бутун бир халқни дунёга ўғри, муттаҳам деб танитишга уринди. Кеч бўлса ҳам уйғонган, тилимиз давлат тили бўлсин деб курашга чиққан зиёлиларга панд берганлар ҳам тағин ўша сотқин-чулчитлар эди. Бу ўриспарастлар ўзбекни ич-ичидан ёмон кўрадиган, ўзбекча сўзлашга тоб-тоқати йўқ марказқўм котиби, министр, академик, профессор, адиб бўлиб иш кўрди. 

Давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилингандан кейин бу мунофиқларнинг кўпчилиги ҳомийдан паноҳ сўраб, шимолга қараб сирғалди. Қолганлари эса, ўзбек халқига қарши курашни муваффақиятли давом эттирди. Кечагидай ёдимда: “Правда Востока” газетаси бундан ўттиз йил муқаддам “Топономик “васваса” номли мақола чоп этиб, Тошкентдаги “Москва” меҳмонхонасининг номини “Чорсу”га айлантирилганини нотўғри иш дея жар солган эди. Бундай беписандлик то шу кунгача турли шаклларда намоён бўлиб келмоқда. 

Захаровалар халқнинг маънавий тиргаги – тилнинг қудратга келишидан ўлгудай қўрқади. Нима қилиб бўлса ҳам бу кучни парчалашга интилмоқда. Уларнинг қўлинию тилини узун қилаётган “қулоқ”лардан қутулмас эканмиз, ЎЗБЕК тилининг ДАВЛАТ бўлиши қийин."

 

 

    Бошқа янгиликлар