АсосийЖАМИЯТ

Хивада йирик халқаро тадбирлар ўтказиш учун янги инфратузилма барпо этилди

Президент Шавкат Мирзиёев Хива шаҳрида барпо этилган Конгресс-холл, уч юлдузли меҳмонхона ҳамда “Хива Ичан қалъа” қабуллар уйи билан танишди.

'Хивада йирик халқаро тадбирлар ўтказиш учун янги инфратузилма барпо этилди'ning rasmi

Мазкур объектлар давлат раҳбарининг 2026 йил 30 апрелдаги тегишли ҳужжати асосида қурилган. Уларнинг ишга туширилиши натижасида қарийб 2 мингта янги иш ўрни яратиш, йилига 50 минг нафар сайёҳга меҳмонхона хизмати кўрсатиш ҳамда хизматлар экспортини 4 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.

Замонавий премиум услуб ва Хоразм миллий меъморчилиги уйғунлигида барпо этилган Конгресс-холл халқаро анжуманлар, бизнес-конференциялар, ҳукуматлараро музокаралар ва маданий форумларни ўтказишга мўлжалланган.

Умумий майдони 1,9 гектар бўлган мажмуани барпо этиш учун 857 миллиард сўм бюджет маблағлари йўналтирилган. Ҳудудда кенг яшил майдонлар ва хиёбонлар ташкил этилган, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.

Конгресс-холл ёнида халқаро анжуманлар иштирокчилари ва сайёҳлар учун уч юлдузли меҳмонхона ҳам қурилган. Қиймати 169 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳанинг умумий майдони 1,6 гектарни ташкил этади. Бу ерда 60 та янги иш ўрни яратилган.

Тўрт қаватли меҳмонхона 310 ўринга мўлжалланган 156 та хонадан иборат. Бино таркибида кенг вестибюль, қабулхона, ресторан-бар, болалар хонаси ва терраса, шунингдек, ёпиқ бассейн, фитнес ва велнесс ҳудудларини ўз ичига олган соғломлаштириш зонаси мавжуд.

Меҳмонхонадан Конгресс-холл, “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик боғи ва ҳунармандлар расталарига яшил сайр йўлаклари орқали бир неча дақиқада етиб бориш мумкин.

Шавкат Мирзиёев “Хива Ичан қалъа” қабуллар уйини ҳам кўздан кечирди. Умумий майдони 2 гектар бўлган мажмуа расмий тадбирлар ўтказиш ва хорижий делегацияларни қабул қилишга мўлжалланган. Лойиҳанинг қиймати 260 миллиард сўмни ташкил этади.

Қабуллар уйи меъморчилигида Хоразмга хос маҳобатли ёғоч ўймакорлиги устунлари, ганчкорлик санъати ҳамда кўк ва фирўза рангли кошинлардан кенг фойдаланилган. Мажмуа атрофида воҳанинг бой тарихини акс эттирувчи фотокўргазмалар ва миллий ҳунармандчилик устахоналари ташкил этилган.

Давлат раҳбари шу ерда Хоразм вилояти жамоатчилиги вакиллари билан ҳам мулоқот қилди. Суҳбатда кейинги йилларда воҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар, аҳоли турмуш тарзи ва тафаккуридаги янгиланишлар ҳақида сўз борди.

Хоразмнинг бой тарихи ва миллий анъаналарини асраб-авайлаган ҳолда вилоятни замонавий, обод ва фаровон ҳудудга айлантириш ишлари изчил давом эттирилиши таъкидланди.

Президент Хивада ушбу мажмуалардан самарали фойдаланиш, йирик халқаро тадбирлар сонини кўпайтириш, сайёҳларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.

    Бошқа янгиликлар

    Хивада йирик халқаро тадбирлар ўтказиш учун янги инфратузилма барпо этилди - Darakchi.uz