Андижонда ЙПХ ходимларининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмаган Onix ҳайдовчиси рул бошқарувини йўқотиб, дўконга бориб урилди. Ҳайдовчи автомобилни тегишли ҳужжатларсиз бошқаргани, шунингдек, транспорт воситасига нисбатан 10 миллион сўмдан ортиқ муддати ўтган қарздорлик мавжудлиги аниқланган.
Воқеа 17 август куни соат 01:10 ларда Андижон шаҳридаги Машраб кўчасида содир бўлган.
Маълум қилинишича, шу ерда хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимлари Onix ҳайдовчисига тўхташ ишорасини берган. Бироқ ҳайдовчи ички ишлар органи ходимининг қонуний талабига бўйсунмай, ҳаракатини Ломоносов кўчаси томон давом эттирган.
Шундан сўнг ҳайдовчи рул бошқарувини йўқотган ва йўл четида жойлашган дўконга бориб урилган.
Ҳодиса жойида ҳайдовчининг ҳужжатлари текширилганда, 1999 йилда туғилган У.М. автомобилни тегишли ҳужжатларсиз бошқаргани маълум бўлган. Бундан ташқари, мазкур транспорт воситасига нисбатан 10 миллион сўмдан ортиқ муддати ўтган қарздорлик мавжудлиги аниқланган.
Ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси 2-қисми ҳамда 194-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Бироқ Onix техник шикастланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан белгиланган тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, бу Андижонда ЙПХ ходимининг тўхташ талабига бўйсунмаган ҳайдовчи билан боғлиқ сўнгги ҳолатлардан бири. Вилоят ЙҲХБ маълумотларига кўра, бундай ҳолатлар юзасидан ҳайдовчиларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмоқда.






