Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Мерке туманида 19 ёшли Ўзбекистон фуқароси Мадина вафот этди. Маҳаллий Qumash.kz нашри хабар беришича, унинг ўлимига оилавий жанжал сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Қайд этилишича, Мадина вафотидан бир кун аввал дугонасига эри уни калтаклаганини ва уйдан кетмоқчи эканини айтган. У эри билан тез-тез келишмовчиликка боргани, эркак унга нисбатан жисмоний куч ишлатгани ҳақида бир неча бор шикоят қилган.
Дугонасининг сўзларига кўра, марҳуманинг сўнгги жанжали саккиз ойлик фарзанди учун олиб келинган “Барни” бисквити сабаб юзага келган. Мадина боласи учун олиб келинган ширинликдан бир дона еганидан сўнг эри уни урган.
Эртаси куни Мадина дугонасига йиғиб қўйган буюмларининг суратини юбориб, эри билан яшамаслигини ва уйдан кетмоқчи эканини билдирган. Шунингдек, ундан 15 минг тенге сўраган. Бироқ дугонасида ўша вақтда керакли маблағ бўлмаган.
Шундан сўнг Мадина билан алоқа узилган. Кейинроқ унинг қайнонаси дугонасига қизнинг вафот этганини маълум қилган.
Маълум бўлишича, Мадина Ўзбекистон фуқароси, унинг эри эса Қозоғистон фуқароси бўлган. Улар қарийб икки йилдан буён бирга яшаб келган ва саккиз ойлик фарзанди бўлган. Марҳуманинг дугонаси Мадина ҳомиладор ҳам бўлган бўлиши мумкинлигини айтган.
Дугонаси ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Мадинанинг ўлими ҳолатларига шубҳа билдириб, воқеани синчковлик билан тергов қилишга чақирган. У марҳуманинг танасида жароҳат излари бўлганини айтган. Бироқ бу маълумотлар ҳозирча расман тасдиқланмаган.
Жамбил вилояти полицияси мазкур ҳолат юзасидан ўз жонига қасд қилишга олиб бориш моддаси билан судгача тергов бошлаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тергов давомида ўлимнинг барча ҳолатларини аниқламоқда.
Айни пайтда марҳуманинг ўлимига ким ёки нима сабаб бўлгани юзасидан якуний хулоса берилмаган. Полиция тергов якунлангунига қадар муайян шахсларнинг айбдорлиги ҳақида маълумот бермаган.






