Интернет дўконлари, ижтимоий тармоқлар ва аукцион платформаларида ҳақиқий инсон мумиялари ҳамда уларнинг қисмлари сотилмоқда. Айрим ҳолатларда улар оддий почта орқали харидорларга етказиб берилмоқда. Мутахассислар бундай савдо нафақат ахлоқий ва ҳуқуқий, балки саломатлик учун ҳам хавф туғдириши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Буюк Британия, Литва, Италия ва Австралия университетларининг соғлиқни сақлаш, биология, анатомия ва кимё соҳаларидаги мутахассислари интернетда инсон ва ҳайвон қолдиқлари савдосига оид эълонларни ўрганган. Тадқиқотда 2015–2025 йиллар оралиғида жойлаштирилган инсон қолдиқларига оид 122 та ва ҳайвон қолдиқларига оид 6 та эълон таҳлил қилинган. Бу ҳақда хорижий оммавий ахборот воситалари хабар берди.
Тадқиқотчилар айрим сотувга қўйилган мумияларда замбуруғли зарарланиш белгилари борлигини аниқлаган. Шу билан бирга, сотувчилар харидорларни эҳтимолий биологик хавфлар ва хавфсиз муомала қилиш қоидалари ҳақида огоҳлантирмаган.
Мутахассисларга кўра, мумиялаш жараёнида организмнинг қуриши микроорганизмларнинг бутунлай йўқ бўлиб кетишини англатмайди. Айрим микроорганизмлар узоқ вақт сақланиб қолиши мумкин. Мумия нотўғри шароитда сақланганда ёки ташилганда замбуруғ споралари ҳавога тарқалиши эҳтимоли бор. Бу эса мумия билан ишлайдиган одамлар, шунингдек, уни ташишда иштирок этувчи ходимлар учун хавф туғдириши мумкин.
Тадқиқот давомида яна бир муаммо аниқланган. 22 та ҳолатда одамлар мумия қолдиқларига қўлқоп ва ниқобсиз теккан. Ҳолбуки, ҳимоя воситалари нафақат микроорганизмлардан, балки мумиялаш жараёнида ишлатилган айрим кимёвий моддалардан ҳимояланиш учун ҳам зарур.
Тарихнинг турли даврларида жасадларни сақлаш ва мумиялашда мишяк, симоб ва қўрғошин каби заҳарли моддалардан фойдаланилган. Шунингдек, битум, кедр мойи, натрон ва турли ўсимлик смолалари ҳам ишлатилган. Уларнинг айримлари тери ва нафас йўлларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Мутахассислар мазкур натижаларни инсон мумияларининг бутун дунёдаги савдосига тўлиқ татбиқ этиб бўлмаслигини таъкидлаган. Бироқ тадқиқот интернетдаги бундай савдо назоратсиз қолса, биологик ва кимёвий хавфлар юзага келиши мумкинлигини кўрсатган.
Қайд этилишича, инсон қолдиқларининг интернет орқали савдоси сўнгги йилларда алоҳида муаммога айланмоқда. Айрим платформаларда бош суяги, суяклар, қўл-оёқ қисмлари ва бошқа инсон қолдиқлари ҳам сотувга қўйилгани аниқланган.
Аввалроқ 1991 йилда Австриянинг Этцтал Альп тоғларида топилган, "Этци" номи билан машҳур 5300 йиллик мумияда ҳам замонавий ва қадимий микроорганизмларга оид излар аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.






