АсосийЖАМИЯТ

Автобусда йўлкира тўламаганларга жарима 10 бараваргача оширилиши мумкин

Ўзбекистонда автобусда йўлкира тўламаган йўловчилар учун жаримани сезиларли даражада ошириш таклиф қилинмоқда.

'Автобусда йўлкира тўламаганларга жарима 10 бараваргача оширилиши мумкин'ning rasmi

Унга кўра, биринчи марта йўлкира ҳақини тўламаган фуқарога 220 минг сўм, қоидабузарлик такрор содир этилса, 440 минг сўмгача жарима солиниши мумкин.

Айни пайтда автобусда чиптасиз юрганлик учун жарима БҲМнинг 10 фоизини, яъни 41 минг 200 сўмни ташкил этади. Янги таклиф маъқулланса, жарима миқдори қарийб 10 бараварга ошади.

Бу ҳақда Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси директори Муҳаммаджон Қаҳҳоров “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг айтишича, 2026 йилнинг дастлабки 7 ойида 82 мингдан ортиқ йўловчи йўлкира ҳақини тўламагани аниқланган. Қоидабузарлардан 2 миллиард сўмдан зиёд жарима ундирилган.

Мутахассиснинг таъкидлашича, назоратчи ходимлар йўлкира ҳақини тўламаган йўловчиларни аниқлаш учун планшетлар билан таъминланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 июндаги 276-сон қарорига кўра, 1 сентябрдан бошлаб йўловчи автобусга чиқиши билан йўлкира ҳақини белгиланган тартибда тўлаши ёки имтиёзли юриш ҳуқуқини тасдиқлаши шарт. Тўлов амалга оширилмаса, йўловчи автобусда чиптасиз юрган ҳисобланади. 

Шунингдек, мазкур қарор билан чиптасиз юрганлик учун жарима жазосини кучайтириш бўйича таклиф ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган. Ҳозирда ушбу таклифлар қонунчилик палатасига киритилган.

Таклифга кўра, 1 сентябрдан БҲМ 440 минг сўм этиб белгиланиши инобатга олиниб, биринчи марта йўлкира ҳақини тўламаганлик учун БҲМнинг ярми — 220 минг сўм, қоидабузарлик такрор содир этилса, бир БҲМ — 440 минг сўм миқдорида жарима белгиланиши мумкин.

Янги тартибнинг асосий мақсади йўлкира тушумларининг тўлиқлигини таъминлаш, автобуслар фаолиятида шаффофликни ошириш ва жамоат транспорти ишини самарали режалаштиришдан иборат.

    Бошқа янгиликлар

    Автобусда йўлкира тўламаганларга жарима 10 бараваргача оширилиши мумкин - Darakchi.uz