Аслида ҳаммаси жуда оддий: чегараларнинг ўта нотекис белгиланиши, бир иттифоқдош республика ичида бошқасига тегишли ҳудудларнинг жойлаштирилиши, сунъий анклав ва экславларнинг яраталиши бир пайтлар “катта оға”нинг узоқни ўйлаб юритган сиёсати маҳсули эди. Асрлар давомида бир жону бир тан бўлиб яшаб келаётган элатларни турлича этник бирликларга ажратиш ва улар ўртаси низо қўзғаш ҳам ана шу сиёсат натижаси эди.
Бугун, орадан йиллар ўтиб, бу кўчатлар ўз мевасини бера бошлади. Кейинги бир йил ичида юз берган ҳодисаларга бир кўз ташлайлик. Давлат тилига четдан “ёрдамчи тил”ни жалб этишга уринишлар, ЕОИИга аъзолик масаласи, пойтахт марказидаги бутхона, Захарованинг заҳарли иддаоси, ўзбек тилига нисбатан таҳқиромуз постлар, тожик-қирғиз чегарасидаги тартибсизликлар, ва бугунги Сўх можаролари... Улар орасида кўринмас бир ришта бордек туюлмаяптими?
Дарвоқе, Сўх тумани Ўзбекистонга қарашли, Қирғизистоннинг ичида жойлашган, асосан, тожиклар истиқомат қиладиган ҳудуд... Бир қарашда ўзбек, қирғиз ва тожик халқларининг бирдамлигини ифодалайдигандек туюлади. Шу билан бирга, ҳар учала халқ, ҳар учала давлат ўртасида низо чиқариш учун ҳам қулай ҳудуд... Ўзбекистон ҳуқуқий жиҳатдан бу ҳудудга тўла-тўкис эгалик қилишга ҳақли. Аҳолининг асосий қисми тожик, бинобарин, қўшниларимиз орасида бу ҳудудга нисбатан даъволар тез-тез кўтарилиб туради. Қирғизларга эса, ўз мамлакати ҳудуди бошқа бир юртнинг тупроғи борлиги хуш келмайди, аксинча бир қатор муаммоларни туғдиради.
Айни пайтда қирғиз расмийлари можарога сабабчи бўлган чашма уларнинг ҳудудига тегишли эканини айтиб, бу сув иншоотига эгалик ҳуқуқи фақат уларга тегишли эканини айтади. Бир қирғиз депутат бош вазиримизга мурожаат қилиб, “керак бўлса, халқингизни олиб кетинг” дейишгача борибди. Бу ҳодиса тожик матбуоти ва ижтимоий тармоқларнинг тожик сегментида ҳам жиддий муҳокама қилинмоқда. Ўзбекистон ҳукумати эса, бу можарони имкон қадар тез ва самарали бартараф этиш учун барча чораларни сафарбар этмоқда. Чунки, Сўх қаерда жойлашганидан қатъи назар бизнинг еримиз, у ерда кимлар яшашидан қатъи назар бизнинг ватандошларимиз...
Бу ҳудудда учта халқ ўртасида адоват юзага келса, у фақат ва фақат тўртинчи — ушбу вазиятни юзага келтирган томоннинг фойдасига ишлайди, холос. Вазият издан чиққудек бўлса, яна бориб-бориб жиловимизни “катта оға”ларга тутқазиб, фақат улар кўрсатган йўлдан юришга мажбур бўлиб қоламиз...
Рустам Жабборов






