1

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини тайёрлашда «пакет» принципи жорий қилинади

СИЁСАТ 08.06.2020, 09:24
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини тайёрлашда «пакет» принципи жорий қилинади

Президент томонидан 2020 йил 19 май куни “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон  имзоланди. 

Мазкур ҳужжат билан 2020 йил 1 июлдан бошлаб хўжалик бошқаруви органлари ваколатига кирувчи масалалар ва корпоратив муносабатлар қонуности ҳужжатларини қабул қилиш ёки маъмурий усуллар орқали тартибга солинишини таъқиқланиб, жисмоний ва юридик шахслар учун жавобгарлик белгиловчи ҳуқуқий нормаларнинг фақатгина қонунлар билан ўрнатилишини белгиланмоқда.

Шу билан бирга идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга жисмоний ва юридик шахслар учун қўшимча тўлов ва йиғимларни белгиловчи, ортиқча маъмурий ва бошқа чеклашларни назарда тутувчи, асосланмаган харажатлар келтириб чиқарувчи ҳуқуқий нормаларни киритишга йўл қўйилмаслиги мустаҳкамлаб қўйилди.  

Маълумки, ҳар қандай жамиятда қонун устувор бўлиши керак ва барча қабул қилинадиган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонун талабларига зид бўлмаслиги ҳамда қонундда белгиланганидан бошқача талқин қилинмаслиги керак.  

Маъмурий усулда тартибга солиш ҳамда жисмоний ва юридик шахслар учун жавобгарлик белгиловчи ҳуқуқий нормаларнинг қонуности ҳужжатларида акс этиши амалга оширилаётган ислоҳатларга салбий таъсир кўрсатиш билан биргаликда қонунчиликка ишончсизлик келтириб чиқаради.  

Масалан, қонуности ҳужжатида чет эл инвесторига нисбатан қонунда назарда тутилмаган жавобгарликнинг белгиланиши ёки бўлмаса унга қўшимча мажбурият юкланиши, унинг мамлакатимиз қонунчилигига нисбатан ишончсизлигига сабаб бўлади. У қонун билан ўзинингг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилган ҳолда, эртага қонуности ҳужжати билан муайян ҳолатда жавобгар бўлиб қолишдан ҳадиксирайди.  

Айрим ҳолатларда турли соҳалардаги ижтимоий муносабатларни тарқоқ ҳолда тартибга солиниши ҳуқуқий коллизиялар, ҳуқуқни қўллашда турлича талқин қилиш каби мураккабликларни юзага келтириб чиқараётганлигини гувоҳи бўламиз.  

Эътиборлиси, Фармон билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда «пакет» принципи жорий қилинмоқда. Яъни, янги қонун лойиҳаси билан белгиланаётган қоидалар илгари қабул қилинган қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритишни тақозо этганда, аввалги қонунларга ўзгартириш киритиш уни қабул қилиш билан бир вақтнинг ўзида амалга оширилиши белгиланмоқда.

Бу билан бир ижтимоий муносабатни тартибга солишга қаратилган бир неча норматив ҳуқуқий ҳужжатни бир вақтда қабул қилинишига эришилади. Амалиётда қонун нормаларини ишлатиш механизмлари бўйича муаммолар келиб чиқишининг олдини олади.  

Албатта, мазкур талаблардан келиб чиқиб парламент томонидан қонунларни қабул қилишда қонун ижодкорлиги фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишнинг ортиқча юкини истисно этишга қаратилган замонавий услубларини жорий этиш, ислоҳотлар жараёнида самарали, ижтимоий муносабатларда тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилиш устувор вазифалардан бири бўлиб қолади.    

Мухтасар қилиб айтганда Фармонда билан белгиланаётган ислоҳотлар  демократик ҳуқуқий давлат қуриш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашлашга қаратилган бўлиб, ундаги талабларни амалга оширилишини таъминлаш масъул идоралар ва парламент олдида турган муҳим ва масъулиятли вазифа ҳисобланади.  

 

Шерзод ТЎХТАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1