Президент Шавкат Мирзиёев кичик бизнес субъектлари учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шароитлар яратишга доир таклифлар тақдимоти билан танишди. Унда тадбиркорларнинг қонуний ўсишига тўсқинлик қилаётган айрим солиқ ва ҳисобот тизимларини қайта кўриб чиқиш таклиф этилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини қисқартириш ва давлат хизматларини соддалаштириш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилган. Бироқ амалдаги баъзи чекловлар кичик бизнеснинг эркин ривожланишига тўсиқ бўлиб қолаётгани таъкидланди.
1 миллиардлик чегара бизнесни “яширин” ишлашга мажбур қилмоқда
Амалда кичик бизнес субъектлари йиллик тушуми 1 миллиард сўмгача бўлганда соддалаштирилган солиқ режимида ишлайди. Ушбу кўрсаткичдан ошган тадбиркорлар эса қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғини тўлаш тизимига ўтади.
Бу меъёр 2019 йилда жорий қилинган бўлиб, ўтган йиллар давомида нарх-наво кескин ошган. Натижада кўплаб тадбиркорлар 1 миллиард сўмлик чегарага яқинлашганда айланмаларни яшириш, чек бермаслик ёки бизнесни сунъий равишда бир нечта субъектга бўлиш каби усулларга ўтаётгани қайд этилди.
Шу муносабат билан 2026 йил 1 июндан бошлаб мазкур чегарани 1 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмгача ошириш таклиф қилинди.
Қўшилган қиймат солиғи бўйича янги тартиб жорий этилиши мумкин
Тақдимотда умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари учун қўшилган қиймат солиғини тўлашнинг соддалаштирилган тизимини жорий этиш ташаббуси ҳам илгари сурилди.
Унга кўра, тадбиркорлар ихтиёрий тарзда 6 фоизли қўшилган қиймат солиғини тўлаб, фойда солиғидан озод этилиши мумкин. Шу билан бирга, хоҳловчилар амалдаги умумий солиқ тизимида ишлашда давом этади.
Мутасаддилар фикрича, бу тартиб солиқ ҳисоб-китобларини енгиллаштиради, ортиқча бюрократик юкни камайтиради ва айланмаларни яшириш ҳолатларини қисқартиради.
Қўшилган қиймат солиғи ҳисоботларида хатолар кўпайган
Тақдимотда қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилиги билан боғлиқ муаммолар ҳам таҳлил қилинди. Маълум қилинишича, мазкур тизимга ўтган тадбиркорларда ҳисоботлар сони икки бараварга ошмоқда.
2025 йилда ҳисоботларда хато аниқланган солиқ тўловчиларининг 77 фоизи айнан қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳиссасига тўғри келган.
Шу боис қатор енгилликлар таклиф этилди. Жумладан:
— паст хавфли тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғининг салбий фарқини автоматик қайтариш;
— қўшилган қиймат солиғи гувоҳномасини вақтинча тўхтатиб туриш амалиётини бекор қилиш;
— импорт бўйича мажбурий қўшилган қиймат солиғи тартибини қайта кўриб чиқиш;
— банк ҳисобрақамларини очиш жараёнини автоматлаштириш.
Солиқ текширувларига ҳам чеклов қўйилиши мумкин
Кичик бизнесга нисбатан маъмурий босимни камайтириш мақсадида тадбиркорларга хатоларни мустақил тузатиш имкониятини бериш таклиф қилинди.
Шунингдек:
— солиқ хавфи 500 миллион сўмгача бўлган ҳолатларда солиқ аудитини ўтказмаслик;
— хавф даражаси 100 миллион сўмгача бўлганда сайёр солиқ текширувини тайинламаслик режалаштирилмоқда.
Ресторан ва меҳмонхоналар учун ҳам енгилликлар
Умумий овқатланиш ва меҳмонхона хизматлари соҳаси учун ҳам қатор қулайликлар назарда тутилган.
Хусусан:
— алкоголь ва тамаки маҳсулотларини нақд пулда сотишга рухсат бериш;
— қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтаришда нақд пулсиз тушум улуши бўйича талабни бекор қилиш;
— айрим ходимларни соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш таклиф этилди.
Бюджетга қўшимча 2 триллион сўм тушиши мумкин
Маълумотларга кўра, ушбу чоралар 600 мингдан ортиқ кичик бизнес субъектининг қонуний ўсишига хизмат қилиши мумкин.
Солиқ базасининг шаффофлашиши орқали эса давлат бюджетига йилига камида 2 триллион сўм қўшимча тушум келиши прогноз қилинмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев таклифларни маъқуллаб, кичик бизнес учун адолатли ва қулай муҳит яратиш, солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш ҳамда рақамлаштириш орқали тадбиркорларнинг ишончини мустаҳкамлаш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди.






