АсосийСиёсат

Тошкент — Самарқанд ўртасида янги тезюрар йўл қурилади: Мирзиёев транспорт соҳасидаги йирик лойиҳаларни кўриб чиқди

Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган режалар орасида “Тошкент — Самарқанд” муқобил автомагистрали, Янги Тошкент халқаро аэропорти ва Навоий авиация хаби бўйича муҳим ташаббуслар бор.

'Тошкент — Самарқанд ўртасида янги тезюрар йўл қурилади: Мирзиёев транспорт соҳасидаги йирик лойиҳаларни кўриб чиқди'ning rasmi

Ўзбекистонда транспорт инфратузилмасини тубдан янгилашга қаратилган йирик инвестиция лойиҳалари жадаллашмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган режалар орасида “Тошкент — Самарқанд” муқобил автомагистрали, Янги Тошкент халқаро аэропорти ва Навоий авиация хаби бўйича муҳим ташаббуслар бор.

Президент Шавкат Мирзиёев 26 май куни транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга оид тақдимот билан танишди. Унда автомобиль йўллари, авиация, логистика ва халқаро транспорт йўлакларини кенгайтириш бўйича стратегик лойиҳалар муҳокама қилинди.

“Тошкент — Самарқанд” йўли 150 км тезликка мос бўлади

Тақдимотда энг йирик лойиҳалардан бири — “Тошкент — Самарқанд” муқобил автомобиль йўлини қуриш масаласи кўриб чиқилди. Узунлиги 282 километр бўлган мазкур йўл Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларини боғлайди.

Маълум қилинишича, автомагистраль I-а тоифада қурилиб, цемент-бетон қопламага эга бўлади. Ҳар икки томонда учтадан ҳаракат тасмаси ташкил этилади, лойиҳавий тезлик эса соатига 150 километрни ташкил қилади.

Лойиҳа доирасида:

— 12 та транспорт ечими;
— 60 та туннелли ўтиш жойи;
— 91 та кўприк;
— 16 та йўл ўтказгич;
— 258 та дренаж иншооти қурилади.

Шунингдек, интеллектуал транспорт тизими, вазн ўлчаш мажмуалари ва 12 та замонавий терминал барпо этилиши режалаштирилган.

Президент масъулларга инвесторлар билан музокараларни тезлаштириш ва қурилиш ишларини қисқа муддатларда бошлаш бўйича топшириқ берди.

Ўзбекистонда аэропортлар сони 18 тага етди

Тақдимотда авиация соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Айни пайтда мамлакатдаги 7 та халқаро аэропорт реконструкция қилинмоқда. Шу билан бирга, Мўйноқ, Қўқон, Зомин, Шаҳрисабз, Сариосиё ва Сўхда янги аэропортлар қурилиб, умумий аэропортлар сони 18 тага етказилган.

Навоий халқаро аэропорти йирик авиация хабига айлантирилади

Тақдимотда Навоий халқаро аэропортини ривожлантириш режалари ҳам маълум қилинди. Эндиликда аэропорт фаолияти лойиҳавий бошқарув тамойиллари асосида ташкил этилади ва унга тижорат мустақиллиги берилади.

Хусусан, аэропорт маҳаллий ва хорижий авиакомпаниялар билан мустақил равишда шартнома тузиш, юк ва йўловчи ташиш, транзит ҳамда техник қўнишлар бўйича музокаралар олиб бориш ҳуқуқига эга бўлади.

Режага кўра, 2030 йилгача:

— парвозлар сони 2,3 баробарга оширилиб, йилига 7 мингтага;
— йўловчилар оқими 150 минг нафарга;
— юк ташиш ҳажми 45 минг тоннага етказилади.

Шунингдек, аэропорт ҳудудида ҳаво кемаларига техник ва тижорат хизматлари кўрсатувчи “порто-франко” эркин зонаси ташкил этилади.

Янги Тошкент аэропорти йилига 20 миллион йўловчига хизмат қилади

Президентга Янги Тошкент халқаро аэропорти қурилиши бўйича ҳам ахборот берилди.

Лойиҳага кўра, янги аэропорт йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади. Терминал майдони 208,4 минг квадрат метрни ташкил этади.

Мажмуа ҳудудида:

— 169 та ҳаво кемаси тураргоҳи;
— ҳар бири 4 километрдан иборат 2 та учиш-қўниш йўлаги барпо этилади.

Ҳозиргача халқаро молия институтлари талаблари асосида экологик ва ижтимоий таъсир баҳоланган. Айни вақтда муҳандислик тармоқларини кўчириш ишлари бошланган ва пудрат ташкилотлари билан музокаралар давом этмоқда.

Авиаёқилғи ишлаб чиқариш 600 минг тоннага етказилади

Тақдимотда фуқаро авиацияси учун авиаёқилғи таъминоти масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, ҳозир аэропортлардаги ёқилғи қуйиш мажмуаларининг умумий сиғими 49 минг тоннани ташкил этади. 2030 йилгача маҳаллий авиаёқилғи ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 600 минг тоннага, сақлаш қувватларини эса 80 минг тоннага етказиш режалаштирилган.

Бу мақсадда Навоий, Андижон, Бухоро, Урганч ва Янги Тошкент халқаро аэропортларида янги сақлаш иншоотлари қурилади.

Шу билан бирга, ёқилғини сақлаш ва қуйиш жараёнларини халқаро стандартларга мослаштириш, барча бошқарув тизимларини рақамлаштириш ва давлат назоратини кучайтириш вазифаси қўйилди.

Йиғилиш якунида давлат раҳбари транспорт инфратузилмасини ривожлантиришда иқтисодий самарадорлик, қурилиш сифати, хавфсизлик ва аҳоли учун қулайлик асосий мезон бўлиши шартлигини таъкидлади.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Кичик бизнес учун катта бурилиш: солиқ чегараси 5 баравар оширилиши мумкин'ning rasmi

    Сиёсат Бугун 13:57

    Кичик бизнес учун катта бурилиш: солиқ чегараси 5 баравар оширилиши мумкин

    Мирзиёевга тақдим этилган янги таклифлар тадбиркорлар учун солиқ юкини енгиллаштириб, “яширин иқтисодиёт”ни қисқартиришга қаратилган.

    'Ўзбекистонда докторантлар стипендияси оширилади'ning rasmi

    Сиёсат 25.05.2026 17:01

    Ўзбекистонда докторантлар стипендияси оширилади

    Илм-фан соҳасида катта янгиликлар: Докторантлар стипендияси оширилади, бюрократия эса қисқаради.

    'Ўзбекистонда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чоралари кучайтирилади'ning rasmi

    Сиёсат 25.05.2026 15:10

    Ўзбекистонда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чоралари кучайтирилади

    Шавкат Мирзиёев раислигида сув фонди ерлари ҳамда сел сувларидан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

    'Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпинга ҳамдардлик билдирди'ning rasmi

    Сиёсат 23.05.2026 15:02

    Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпинга ҳамдардлик билдирди

    Давлат раҳбари Шанси провинциясидаги кўмир конида портлаш оқибатида ҳаётдан кўз юмганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этиб, уларга сабр-тоқат тилади.

    'Ўзбекистон ва Қатар ўртасида ҳарбий ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди'ning rasmi

    Сиёсат 23.05.2026 12:36

    Ўзбекистон ва Қатар ўртасида ҳарбий ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди

    Томонлар минтақадаги хавфсизлик билан боғлиқ сўнгги вазият ва ўзгаришларни муҳокама қилди.

    'Мирзиёев: “Футболчиларимизни замонамиз қаҳрамонлари десак арзийди”'ning rasmi

    Сиёсат 22.05.2026 13:26

    Мирзиёев: “Футболчиларимизни замонамиз қаҳрамонлари десак арзийди”

    Президент Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари билан учрашув ўтказди.