Олий суд парламентнинг қуйи палатасига “Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасини киритди.
Унга кўра,
- Ер участкаларининг ҳокимлар томонидан олиб қўйилишига тақиқ белгилаш, ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, шунингдек, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини тугатиш бўйича уларнинг ваколатларини чеклаш таклиф этилмоқда.
- Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун олиб қўйиш ваколатини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига бериш назарда тутилмоқда.
- Хусусийлаштирилган хусусий мулк бўлган ер участкасини олиб қўйиш, башарти у национализация қилинадиган бўлса, фақат давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ҳамда ер участкаси мулкдорининг розилиги олинганида, хусусийлаштирилган ер участкасининг шартнома қиймати ва бошқа зарарларнинг ўрнини давлат томонидан олдиндан қоплаш шарти билангина, башарти у реквизиция қилинадиган бўлса, хусусийлаштирилган ер участкасининг мулкдорига етказилган зарарлар ва бошқаларнинг ўрнини қоплаш шарти билан амалга оширилишини назарда тутиш таклиф этилмоқда.
Қуйида ушбу қонун лойиҳасига davletovuz каналида билдирилган фикрларни ҳам келтириб ўтишни жоиз билдик:
Бу яхши, албатта. Лекин маҳаллий кенгашлар заиф бўлиб қолаверар экан, улар ҳоким киритган ҳужжатларни ёппасига қўл кўтариб, маъқуллаб бераверади. Бу масъулиятни ҳокимдан депутатларга юклашдек гап. Бунинг учун, назаримизда, миллий сайлов тизимимизни ислоҳ қилиш, жойларда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини ҳамда жамоатчилик назоратини таъминлайдиган механизмни жорий қилиш керак.
Ҳокимнинг нафақат маҳаллий кенгаш раиси бўлишига, айни пайтда ҳокимнинг маҳаллий кенгашларга сайланишини бекор қилиш лозим. Ҳокимнинг ҳисобдорлигини таъминлаш, жумладан, ҳеч қурса биринчи босқичда маҳаллий депутатларнинг мустақиллиги ва профессионаллигини кучайтириш мақсадида уларнинг камида 51%ини доимий асосда ишлашга ўтказиш (маҳаллий бюджетдан ойлик тўлаш) муҳим аҳамият касб этар эди. Шунда ҳокимга бевосита ва билвосита боғлиқ, қўполроқ айтганда, қарам одамларнинг маҳаллий кенгашларга сайланиш эҳтимоли камаярмиди. Бунга, албатта, кучли сиёсий партиялар, кучли фуқаролик жамияти ва ҳақиқий сайловлар орқалигина эришиш мумкин. Чунки 30 нафар депутатга ойлик тўлаган билан ҳақиқий жонкуяр, халқпарвар ва мард депутатлар сайланмаса, тизим ўзгармаса, бунинг фойдаси йўқ.
Шунингдек, маҳаллий кенгашлар сессияларини ТВ, радио, ижтимоий тармоқлар ёки расмий сайт орқали тўғридан-тўғри намойиш этишни йўлга қўйиш орқали кучли депутатлик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш мумкин бўлар эди.






