АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистондаги барча олийгоҳларда карьера марказлари мажбурий бўлиши мумкин

Қарор лойиҳаси муҳокамаси 27 августга қадар давом этади.

'Ўзбекистондаги барча олийгоҳларда карьера марказлари мажбурий бўлиши мумкин'ning rasmi

Ўзбекистонда мулкчилик шаклидан қатъи назар, 2027 йил 1 январдан бошлаб барча олий таълим ташкилотларида карьера марказлари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги томонидан ишлаб чиқилган қарор лойиҳасида сўз боради.

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ҳужжатга кўра, карьера марказларининг раҳбар ва ходимларига қўйиладиган малака талаблари, уларни малака ошириш, баҳолаш ва сертификатлаш тартибини назарда тутувчи ягона тизим жорий этилади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги барча олий таълим ташкилотларида карьера марказлари фаолияти йўлга қўйилишини назорат қилади.

Карьера марказлари талабалар ва битирувчиларни касбга йўналтириш, иш берувчилар билан ҳамкорликни ривожлантириш, амалиёт ва стажировка жараёнларини мувофиқлаштириш, битирувчиларнинг ишга жойлашиши ҳамда касбий ривожланишини мониторинг қилиш билан шуғулланади.

Марказлар фаолияти олий таълим ташкилотларидаги таълим дастурларининг сифати ва меҳнат бозори эҳтиёжларига мослиги, битирувчиларнинг барқарор бандлиги ҳамда иш берувчиларнинг тайёрланаётган кадрлардан қониқиш даражаси асосида баҳоланади.

Бунда карьера марказлари фаолияти натижалари олий таълим ташкилотлари рейтингини аниқлаш ва давлат аккредитациясидан ўтказишда алоҳида индикатор сифатида инобатга олинади.

Карьера маркази раҳбари ва ходимлари лавозимига номзодлар "Карьера маркази менежери" тайёрлов дастурини муваффақиятли тамомлаган, касбий баҳолашдан ўтган ва тегишли сертификатга эга шахслар орасидан танланади.

2028 йил 1 январдан бошлаб янги ташкил этиладиган нодавлат олий таълим ташкилотларида фаолиятининг иккинчи йилидан карьера марказини йўлга қўйиш мажбурий этиб белгиланиши таклиф қилинмоқда.

Агар таълим ташкилотида карьера маркази ташкил этилмагани аниқланса, ваколатли орган томонидан унинг лицензиясини бекор қилиш бўйича судга даъво киритилиши мумкин. Шунингдек, карьера марказлари фаолияти йўлга қўйилмаган давлат олий таълим ташкилотларини ташкил этишга йўл қўйилмайди.

Олий таълим ташкилотлари раҳбарлари 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб карьера марказлари фаолиятини қарор лойиҳаси талаблари асосида қайта ташкил этиши керак бўлади. Улар учун алоҳида иш режаси ва KPI кўрсаткичлари, иш берувчилар базаси, талабаларнинг карьера портфолиоси ҳамда битирувчилар мониторинги тизими жорий этилади.

Шунингдек, ҳар йили камида бир марта талабалар, битирувчилар ва иш берувчилар ўртасида карьера хизматлари сифати бўйича сўровнома ўтказиш белгиланмоқда.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги битирувчилар ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида таҳлил қилиш учун ахборот тизимларини "career.edu.uz" электрон платформасига интеграция қилади.

Шу билан бирга, иш берувчиларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжлари ҳақидаги маълумотлар карьера марказларига мунтазам тақдим этиб борилади.

Яна бир муҳим таклифга кўра, ўқув йили якунида битирувчиларнинг ишга жойлашиш кўрсаткичи 50 фоиздан кам бўлган олий таълим ташкилотига кейинги ўқув йилида янги таълим дастурларини жорий этишга рухсат берилмайди.

Қарор лойиҳаси муҳокамаси 27 августга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил июнь ойида Президент Шавкат Мирзиёевга олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан ўтказилган тақдимотда олийгоҳлардаги карьера марказлари имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланган эди.

Шунингдек, "Ўзбекистон — 2030" стратегиясида 2026 йил сентябрь ойидан "Карьера" онлайн платформасини ишга тушириш белгиланган. Платформа олий ва профессионал таълим муассасалари талабалари ҳамда битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиши кўзда тутилган.

    Бошқа янгиликлар

    Ўзбекистондаги барча олийгоҳларда карьера марказлари мажбурий бўлиши мумкин - Darakchi.uz