Ҳодиса оқибатида унинг бортида бўлган икки нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди.
12 август куни Техас штатидаги Белл округида, Остин шаҳрининг шимолида жойлашган ҳудудда Форт-Ҳуд ҳарбий базасига бириктирилган АҲ-64 “Апачи” ҳужумкор вертолёти қулаб тушган.
Маълум қилинишича, вертолёт дала ҳудудига қулаганидан сўнг катта майдонда ёнғин бошланган. Воқеа жойига бир нечта маҳаллий ёнғин-қутқарув бўлинмалари жалб этилган.
Белл округи Шериф идораси вакили Клифф Коулманнинг маълум қилишича, воқеа жойида округ судьяси вертолёт бортида бўлган икки кишининг ҳалок бўлганини тасдиқлаган.
Техас губернатори Грег Эбботт ҳам ҳодисани тасдиқлаб, “Апачи” вертолёти Форт-Ҳуддаги операциялар вақтида ҳалокатга учрагани ва икки нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини билдирган.
Форт-Ҳуд ҳарбий базаси ҳалок бўлган аскарларнинг шахси уларнинг яқинларига хабар берилгунига қадар ошкор этилмаслигини маълум қилди.
Ҳозирча вертолётнинг қулаш сабаби маълум қилинмаган. Ҳодиса юзасидан текширув бошланган.






