АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистон қонунчилигидан “диний экстремизм” тушунчаси чиқарилади

Муҳокамалар якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

'Ўзбекистон қонунчилигидан “диний экстремизм” тушунчаси чиқарилади'ning rasmi

Олий Мажлис Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган қонун маъқулланди. Унга кўра, “диний экстремизм” атамаси “экстремизм” тушунчаси билан алмаштирилади.

Сенат маълум қилишича, мазкур ўзгартиш экстремизмни муайян дин билан боғлашнинг олдини олиш ҳамда қонунчиликда экстремизмга нисбатан ягона ёндашувни таъминлашга қаратилган.

Қонунга кўра, экстремизм, сепаратизм ёки ақидапарастлик ғоялари акс этган материалларни тайёрлаш ёхуд тарқатиш мақсадида сақлаш каби айрим қилмишлар биринчи марта содир этилганда маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Бундай ҳаракатлар такроран содир этилса, жиноий жавобгарлик қўлланади.

Шунингдек, экстремистик ташкилотларни тузиш, бошқариш ва уларда иштирок этиш учун жавобгарлик чоралари табақалаштирилади. Ташкилотда иштирок этганлик учун енгилроқ, уни тузиш ёки бошқарганлик учун эса оғирроқ жазо белгиланади.

Қонун билан “экстремизм” тушунчасига аниқ таъриф берилиб, унинг таркибига кирувчи саккизта хатти-ҳаракат белгилаб қўйилади. Бу мазкур тушунчанинг қонунчиликда турлича талқин қилинишининг олдини олишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, экстремистик ташкилотлар ва материалларнинг ягона электрон реестрини юритиш йўлга қўйилади. Экстремистик фаолият ҳақида хабар берган шахсларнинг маълумотларини сир сақлаш ва уларни давлат томонидан ҳимоя қилиш механизмлари ҳам жорий этилади.

    Бошқа янгиликлар

    Ўзбекистон қонунчилигидан “диний экстремизм” тушунчаси чиқарилади - Darakchi.uz