Ўзбекистонда аҳолининг банклар ва нобанк кредит ташкилотлари олдидаги қарздорлиги сўнгги йилларда сезиларли даражада ошди. Ҳозир Марказий банкни кредитлар ҳажмининг ўсишидан кўра, аҳолининг мавжуд қарзларига хизмат кўрсатиш имконияти кўпроқ хавотирга солмоқда.
Бу ҳақда Марказий банк раиси ўринбосари Санжар Носиров Олий Мажлис Сенатининг 18-ялпи мажлисида маълум қилди.
Сенатор Ҳусан Эрматовнинг таъкидлашича, Марказий банк маълумотларига кўра, сўнгги бир йилда аҳолининг кредитлари 21,2 фоизга ошган. Олти йил давомида эса аҳолининг қарзлари беш баробардан кўпроқ кўпайган.
Сенатор Марказий банк вакилидан аҳолининг қарз юкини камайтириш, шунингдек, кредит ва микрозаймлар рекламасида молиявий хавфлар ҳақида мажбурий огоҳлантириш бериш таклифининг таъсири ҳақида сўраган.
Санжар Носиров вазият ҳақиқатан ҳам хавотирли эканини билдирган.
"Бу ҳақиқатан хавотирли ҳолат. Охирги йилларда мана шундай ўсиш кузатилди. Илгари, масалан, банклардан кредит олиш жисмоний шахс учун деярли имконсиз эди. Охирги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида нафақат рақамлар, балки унинг сифати ҳам ошди, деган умиддамиз", — деди Марказий банк раиси ўринбосари.
Унинг қайд этишича, кредитлар ҳажмининг ошишига аввал аҳолининг банк кредитларидан фойдаланиш имконияти чеклангани ва қондирилмаган талаб ҳам таъсир қилган.
Бироқ регуляторнинг асосий хавотири кредитлар ҳажмининг ўзи эмас.
"Мана шу бизнинг асосий хавотиримиз — рақамларнинг ўсиши эмас, кўпроқ, тўғри айтганингиздек, қарз юкининг ўсиши. Яъни аҳоли мана шу қарзга қай даражада хизмат кўрсата олади? Мана шу рақамларнинг ўсиши бизга кўпроқ хавотир солади", — деди Носиров.
Марказий банк аҳолининг қарз юкини тартибга солиш учун бир қатор меъёрларни жорий этган. Жумладан, қарзга хизмат кўрсатиш кўрсаткичи белгиланган бўлиб, унга кўра фуқаронинг ойлик даромадининг 50 фоизидан ортиғи кредит тўловларига йўналтирилиши мумкин эмас.
Бундан ташқари, жорий йил бошидан қарзнинг даромадга нисбати бўйича ҳам чеклов ўрнатилган. Унга кўра, расмий даромадга эга фуқаро даромадининг саккиз баробаридан, норасмий даромадга эга фуқаро эса беш баробаридан ортиқ миқдорда кредит олиши мумкин эмас.
Марказий банк, шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш чораларини кучайтирган.
Носировнинг айтишича, аҳолининг қарз юкининг ялпи ички маҳсулотга нисбати аввал 18–19 фоиз атрофида бўлган ва ўсиш тенденциясини кўрсатган. Ҳозир эса бу кўрсаткич 17 фоизга тушган. 2025 йилда ҳам ушбу кўрсаткичда бироз пасайиш кузатилган.
Кредит ва микрозаймлар рекламасида молиявий хавфлар ҳақида мажбурий огоҳлантириш бериш таклифи эса қарз юкини бевосита камайтирмаслиги, бироқ аҳолининг хабардорлигини ошириши қайд этилган.
"Бу чора бевосита қарз юкини тўхтатишга хизмат қилмаса-да, одамларнинг онгли равишда хабардорлигини оширади. Реклама орқали чалғитиш ёки бошқа ҳолатларнинг олдини олади. Бундан ташқари, онгли равишда қарор қабул қилишга ундайди", — деди Носиров.
Унинг таъкидлашича, бундай огоҳлантиришлар орқали фуқаролар кредитнинг салбий жиҳатларини ҳам кўриши, аҳоли ва банкларда масъулиятли кредитлаш маданиятини шакллантириш мумкин.
Марказий банк вакили мазкур масала бўйича хорижий тажриба ҳам ўрганилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи ва Буюк Британияда шундай чоралар қўлланилганидан кейин кредит бозори фаоллиги пасаймаган, бир вақтнинг ўзида қарзга хизмат кўрсатиш кўрсаткичлари яхшиланиб, муддати ўтган қарздорлик камайган.
Сенатор Рустам Холмуродов эса Марказий банкнинг молиявий барқарорликка оид маълумотларига таяниб, аҳолининг қарз мажбуриятларининг 93 фоизи банк кредитларига тўғри келишини маълум қилди.
Унинг айтишича, 2026 йил 1 февраль ҳолатига кўра, 9,3 миллион қарз олувчининг жами 610 триллион сўмлик кредит қарздорлиги мавжуд бўлган.
Шундан 376 мингта кредит шартномаси бўйича 19 миллиард сўмлик қарздорлик муаммоли кредитлар тоифасига ўтган.
Марказий банкнинг 2025 йил июль ойида ўтказган сўровномаси натижасига кўра, иштирокчиларнинг 73 фоизи банклар ёки нобанк ташкилотлар олдида қарзи борлигини билдирган. 61 фоиз респондент эса қарз мажбуриятларини ўз вақтида бажаришда муайян қийинчиликларга дуч келаётганини маълум қилган.






