Тошкентда болалар шарбати қутисида гиёҳванд моддаларни олиб кетаётган шахс ушланди. Унинг яшаш хонадонини текшириш давомида 3,15 килограммдан ортиқ героин, мефедрон, марихуана ва бошқа турдаги гиёҳванд моддалар аниқланди.

Маълум қилинишича, "Тошкент-АЭРО" ихтисослаштирилган божхона комплекси Контрабандага қарши курашиш шуъбаси ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш мақсадида тезкор-қидирув тадбири ўтказилган.

3 август куни пойтахтда ўтказилган тадбир давомида олдиндан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги автомобиль тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган. Текширув вақтида автомобильдаги болалар шарбати қутисидан умумий оғирлиги қарийб 11 грамм бўлган 20 ўрам гиёҳванд модда топилган.
Шундан сўнг мазкур жиноятнинг келиб чиқиш манбасини аниқлаш мақсадида фуқаронинг яшаш хонадони Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари вакиллари иштирокида кўздан кечирилган.

Натижада хонадондан 3,15 килограмм оғирликдаги героин, мефедрон, марихуана ва бошқа турдаги гиёҳванд моддалар аниқланган.
Тезкор-қидирув тадбирлари давомида мазкур гиёҳванд моддаларнинг ҳақиқий эгаси бўлган Ўзбекистон фуқароси ҳам қўлга олинган.






