АсосийIqtisodiyot

Пандемия шароитида “иккинчи нон” етарли бўладими?

'Пандемия шароитида “иккинчи нон” етарли бўладими?'ning rasmi

Халқимизда картошкага “иккинчи нон” деб бежиз таъриф берилмаган. Ҳа, бир хонадонда энг кўп ишлатиладиган озиқ-овқат маҳсулоти картошка ҳисобланади. Айниқса, ҳозирги пандемия шароитини ҳисобга олиб, уни янада кўпроқ захира қилиб қўйиш керак.                                    

Жорий йилда бу борада Тошкент вилоятида ҳам бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. Жами 18 минг гектар майдонда картошка етиштириш кўзда тутилган бўлиб, жумладан, 6 минг гектарда асосий майдонда, 12 минг гектарда эса  ғалладан кейин такрорий экин сифатида етиштириш режалаштирилган. Йил якунида жами 533,3 минг тонна, хусусан такрорий майдонлардан 244 минг тонна картошка ҳосилини олиш мўлжалланган. Агар бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан таққосланса, 59 фоизга кўплиги маълум бўлади.  

Юқорида таъкидлаганимиздек, пандемия шароитида кўпроқ озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади. Картошкадан юқори ҳосил олиш учун зарур чоралар кўрилган. Масалан, такрорий майдонларга экиладиган картошка учун жами 36,7 минг тонна уруғлик талаб этилиб, унинг 29 минг тоннаси вилоятдаги фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарида мавжуд бўлса, қолган қисми, яъни 7,7 минг тоннаси 3 та импортёр корхоналар (“SHUKRONA AFRO FAYZ” МЧЖ, “BANANZA TRADE EXPORT” МЧЖ ва “BAXTIYOR IDЕAL BIZNES” МЧЖ) томонидан Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Голландия давлатларидан етказиб берилади. Бунинг учун зарур бўладиган жами 192 млрд сўмнинг  40 млрд. сўми банк кредитлари ҳисобидан қопланиши кўзда тутилган. 

– Бу йил картошканинг бир неча серҳосил навларини яратишга муваффақ бўлдик, – дейди сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти директори Рустам Низомов. – Бу пандемия шароитида аҳолинининг “иккинчи нон”га  бўлган эҳтиёжини қондиришда асосий омил ҳисобланиб, экспортга мўлжалланган  навлар Тошкент вилоятининг бир қатор туманларига экилади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, жорий йил Тошкент вилоятининг ғалладан бўшаган 102 минг гектар майдонларида такрорий экинлар, унинг 12 минг гектарига эса  картошка экиш режалаштирилган.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, ғалладан кейин Ўрта Чирчиқ туманида энг кўп майдонда картошка етиштирилади. Жумладан,  2 минг гектардан 40437 тонна ҳосил олиш мўлжалланган.

    Бошқа янгиликлар