1

Баҳодир Жалолов: мен учун Олимпия ўйинлари олтин медали афзалроқ

СПОРТ 09.07.2020, 14:57
Баҳодир Жалолов: мен учун Олимпия ўйинлари олтин медали афзалроқ

Ҳаваскор ва профессионал боксда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган чарм қўлқоп устаси Баҳодир Жалолов айни кунларда нималар билан бандлиги, режалари ҳақида ЎзА мухбирига гапириб берди:

– Спортчиларда бўш вақт кам бўлади. Карантин вақтида эътиборимни энг аввало саломатлигимни янада мустаҳкамлашга қаратдим, даволандим. Шунингдек, жисмоний ҳолатимни яхшилаш мақсадида дзюдо билан ҳам шуғулландим. Ҳозир бокс бўйича терма жамоамиз сафида машғулотларни давом эттираяпман.

– Олимпия ўйинлари сурилгани сизга қандай таъсир кўрсатди?

– Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган спортчи ушбу нуфузли мусобақани кутади ва унда яхши натижа қайд этиш учун машғулотларга зўр беради. Олимпия ўйинлари сурилгани менга унчалик таъсир ўтказмади. Тўғри, жаҳон чемпионати ва тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси йўлланмаси учун ўтган мусобақаларда яхши спорт формасида эдим. Бироқ пандемия сабаб, Олимпиада қолдирилди. Ҳар қандай шароитда ҳам мен ушбу мусобақага тайёрман.

– Бу ўзгариш режаларингизга таъсир қилдими?

– Албатта, режаларимга таъсир ўтказди. Олимпия ўйинларидан сўнг, профессионал рингдаги фаолиятимни давом эттирмоқчи эдим. Энди барча режалар ўзгарди.

– Олимпия ўйинларига қадар бир йилдан кўпроқ вақтингиз бор, (агар мусобақа муддати яна ўзгармаса) бу вақт мобайнида нималар билан банд бўласиз?

– Ҳозир мусобақалар ўтказилиши бўйича аниқ қарорни кутмоқдамиз ва Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўришда давом этмоқдамиз. Карантин ҳолати юмшатилиб, мусобақалар ўтказилиши бошланса Олимпия ўйинларига қадар профессионал боксда 2-3 та жанг ўтказиб, рейтингдаги ўрнимни яхшилаб олмоқчиман.

– Қай бирини танлайсиз, Олимпия ўйинлари олтин медалими ёки профессионал боксдаги жаҳон чемпионлиги камарими?

– Олимпия ўйинлари олтин медали ва профессионал бокс бўйича жаҳон чемпионлиги бокс оламининг энг юқори чўққисидир. Мен учун Олимпия ўйинлари олтин медали афзалроқ. Сабаби, ҳаваскор боксдаги ягона мақсадим Олимп чўққисини забт этишдир. Ушбу орзуим амалга ошганидан сўнг профессионал рингда жаҳон чемпионлиги камари учун бор куч ғайратим билан ҳаракат қиламан.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1