1

Жаҳон банки Ўзбекистонга қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш учун 500 млн доллар қарз беради

ИҚТИСОДИЁТ 12.07.2020, 11:48
Жаҳон банки Ўзбекистонга қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш учун 500 млн доллар қарз беради

Жаҳон банки Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш лойиҳасини амалга ошириш учун умумий қиймати 500 миллион долларлик қарз йўналтирилади. Бу бўйича Ўзбекистон томонидан Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Жаҳон банки томонидан Марказий Осиё бўйича минтақавий директор Лилия Бурунчук битим имзолашди.

ЎзА ёзишича, лойиҳа Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси томонидан тегишли равишда 276 миллион ва 224 миллион доллар миқдорида молиялаштирилади.

Ушбу лойиҳа туфайли Ўзбекистоннинг барча минтақаларидаги фермерлар ва агро корхоналар вакиллари учун замонавий технологиялар, техник маслаҳат, ишлаб чиқариш, агрологистика, фитосанитариянинг турли босқичларида қўллаб-қувватлаш хизматларидан, шунингдек, савдо ҳажмини ошириш учун зарур ахборот манбаларидан фойдаланиш имконияти яратилади. 

Лойиҳа Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институтларини модернизация қилиш, амалий тадқиқотларни ўтказиш ва тармоққа илғор ишланмаларни жорий этишга ёрдам беради. 

Жаҳон банки вакили Марко Мантованелли: "Бу йил Ўзбекистонда COVID-19 пандемияси туфайли инқирозга учраган бошқа соҳалардан фарқли ўлароқ, қишлоқ хўжалиги ўсиш намойиш этиши керак. Бу озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан доимий мавжуд талаб билан боғлиқ. Тармоқ мамлакат иқтисодиётини тиклаш локомотивларидан бирига айланиши мумкин. Бугунгидек қийин кунларда янги лойиҳа минглаб фермерлар ва агрокорхоналар вакилларига ишлаб чиқариш ҳажми ва ўз маҳсулотлари экспортини оширишда ёрдам беради", - дея таъкидлад. 

Таъкидлаш керак, "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш" йилида ҳужжатларни имзолаш электрон шаклда амалга оширилмоқда. Мазкур келишув Жаҳон банкининг минтақада ушбу форматда имзоланган биринчи ҳужжатига айланди.

Маълумот учун: Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки (ХТТБ) Жаҳон банкининг асосий кредит берувчи муассасаси бўлиб, айни пайт 189 аъзо давлатга тегишли глобал ривожланиш ташкилоти ҳисобланади. Дунёдаги энг йирик ривожланиш банки сифатида, ХТТБ Жаҳон банки гуруҳи миссиясини кредитлар, кафолатлар, таваккалчиликларни бошқариш бўйича маҳсулотлар ва маслаҳат хизматларини тақдим этиш орқали қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, ХТТБ минтақавий ва глобал муаммоларга жавоб чораларини мувофиқлаштиради.

Халқаро ривожланиш уюшмаси (ХРУ) Жаҳон банки таркибида 1960 йилда ташкил этилган бўлиб, тузилма фаолияти иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, тенгсизликни камайтириш ва аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш дастурларини амалга ошириш учун кредит ва грантлар тақдим этиш орқали камбағаллик кўламини камайтиришга йўналтирилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1