1

Сурхондарёда суд ходимининг калтакланиши бўйича расмий изоҳ берилди

ЖАМИЯТ 12.07.2020, 20:31
Сурхондарёда суд ходимининг калтакланиши бўйича расмий изоҳ берилди

Сал аввал Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида бир неча шахслар суд ходимини калтаклагани тўғрисида хабар берган эдик. Ушбу ҳолатга Бош прокуратура муносабат билдириб, вазият назоратга олинганини таъкидлади.

Энди эса Ички ишлар вазирлиги ҳам суд ходими калтаклангани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

Унда қайд этилишича, Жарқўрғон тумани “Янгиобод” маҳалласи ҳудудида ташкил этилган блок постда 10 июль куни соат 09:50ларда туман ҳокими З.Давлатов, туман прокурори Б.Ҳайдаров ва туман ИИБ бошлиғи подполковник Б.Хидировлар томонидан ички ишлар органлари ва хизматга жалб этилган бошқа ходимларнинг фаолияти мувофиқлаштирилаётган бўлган. Шу вақтда ушбу блок постга Жиноят ишлари бўйича туман судига қарашли Nexia-3 русумли 75/530/YAA давлат рақамли хизмат автомашинасини ҳайдовчи Р.Р. қарама-қарши йўналишда бошқариб келганлиги сабабли, туман ҳокими ва постда хизмат олиб бораётган ички ишлар ходимлари мазкур автотранспортни йўлнинг қатнов қисмидан четга олишни талаб қилган. Ҳайдовчи ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмай автомашинани йўлдан олмаслигини, келган жойида туришини айтиб, 20-25 дақиқалар давомида автомашинани тўхтатиб қўйиши оқибатида, постда сунъий тирбандлик юзага келган.

Шундан сўнг ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида, ҳайдовчи Р.Р. соат 10:30 ларда туман ИИБга олиб борилиб, соат 11:00 ларда туман ИИБдан чиқариб юборилган.

Шу куни ҳайдовчи Р.Р. ўзига тан жароҳати етказилганлиги важи билан туман шифохонасига мурожаат қилган, шифохонанинг бу ҳақидаги хабарномаси туман ИИБга юборилиб, ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтказилиб, хабарнома тегишлилиги бўйича туман прокуратурасига юборилган.

“Ҳозирги вақтда юзага келган ҳолат прокуратура органлари томонидан ўрганилиб, иштирокчиларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади”, дейилади хабарда. 

Лекин ИИВ Ахборот хизмати баёнотида суд ходимига нисбатан ички ишлар органлари ходимлари томонидан жароҳат етказилганлиги ҳолати бўйича ҳеч нарса дейилмаган.
 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1