1

АҚШ ва Буюк Британияда тайёрланаётган коронавирус вакциналари ҳам ижобий натижа бермоқда

ДУНЁ 16.07.2020, 16:14
АҚШ ва Буюк Британияда тайёрланаётган коронавирус вакциналари ҳам ижобий натижа бермоқда

Айни пайтда дунёда коронавирусга қарши юздан ортиқ вакцина устида иш олиб борилмоқда. Қувонарлиси, АҚШ ва Буюк Британияда яратилаётган вакциналар самара бераётгани хабар қилинмоқда. Бу ҳақда таржумон.уз хабар берди.

Британиядаги Оксфорд универтитети олимлари томонидан яратилган вакцина аллақачон миллионлаб дозада ишлаб чиқарилиб бўлинди. Энди унинг синовлардан муваффақиятли ўтиши кутилмоқда. Олимлар ушбу вакцинанинг сентябрь ойига қадар барчага етказиб берилишига 80 фоиз ишончлари комил эканлигини айтишган.

Ҳозирда Оксфорд университети тайёрлаётган вакцина синовларнинг иккинчи босқичидан ўтмоқда. Ушбу босқич кўпроқ одамларни қамраб олаётган бўлиб, вакцина Британиянинг ўзида 8000 кишида, Бразилия ва Жанубий Африкада эса яна 6000 кишида синалмоқда.

Оксфорд олимлари раҳбари Сара Гилберт шу ойнинг бошида ушбу вакцинанинг бир марталик дозаси бир неча йил коронавирусдан ҳимояни таъминлаши мумкинлигини айтганди.

“Вакциналарнинг иммунитетга таъсир қилиши турлича бўлади. Биз ўз тадқиқотларимизда қатнашган одамларда коронавирусга қарши кучли иммунитет шаклланганини кўрмоқдамиз. Биз вакцинанинг қанча муддат таъсир қилишини текшириб кўришимиз керак. Бизда бу ҳақда аниқ маълумотлар йўқ экан, вакцинанинг таъсир муддатини аниқ билмаймиз. Лекин, олдинги тадқиқотларимиздаги маълумотлардан келиб чиқиб шуни айтишимиз мумкинки, вакцина туфайли одам организмида инфекцияга қарши иммунитет камида бир неча йил давомида сақланиб қолади ва бу иммунитет организм ҳосил қиладиган табиий иммунитетдан яхшироқ бўлади” дейди Гилберт.

Шунингдек, АҚШдаги Модерна компанияси ҳам ўзи яратаётган вакцинанинг дастлабки синов босқичида қатнашган 45 нафар қатнашчининг барчасида коронавирусга қарши иммунитет ҳосил бўлганини маълум қилди. Лекин, қатнашчиларнинг ярмидан кўпида вакцинанинг енгил бўлган акс таъсири кузатилган бўлиб, уларда бош оғриғи, чарчоқ ва мускуллар оғриши юз берган.

Модерна ўз вакцинасининг иккинчи босқичини шу ойнинг охирида бошлашни режалаштирган ва унда 30 000 киши қатнашади. АҚШ ҳукумати Модерна компаниясининг вакцинаси учун ҳозиргача ярим миллиард доллар миқдоридаги маблағ ажратишга ваъда берган.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1