Хабарингиз бор, «Сардоба» фожиаси муносабати билан GoFundMe платформасида хайрия акцияси уюштирилган эди. Унда асосан хориждаги ўзбеклар иштирок этган ва жами 294 киши эҳсонга ўз ҳиссасини қўшган. Саховатли инсонлар ёрдами билан 19 минг 949 АҚШ доллари йиғилган.
Блогер Хушнудбек бу пулларни ҳайрия сифатида қандай етказиш ҳақида кўп бош қотирган. Ўзининг телеграм канали орқали муштарийларининг 2 мингдан ортиқ таклифларини кўриб чиқган. Умумий сумма кам бўлгани учун нақд пул сифатида одамларга тарқатишни эп кўрмай, сув тошқинидан жабр чеккан учта туман фуқароларига ҳам бирдек фойдаси тегадиган Тез тиббий ёрдам машинаси олиб бериш вариантида тўхташган.
Йиғилган маблағ учта машина олишга етмай қолганда, 28 млн 720 минг сўмни “ЎзАвтоСаноат” АЖ хайрия сифатида ўтказиб берган ва машиналарни жуда тез фурсатда чиқаришга ёрдам беришган.
Бугун Сирдарё вилоятида Сардоба, Мирзаобод, Оқолтин туманлари тиббиёт бирлашмаларига биттадан, жами учта «Дамас» Тез тиббий ёрдам машинаси топширилди.
Хушнудбек ўз каналида нега айнан Тез ёрдам машинаси сотиб олинганлигига қуйидагича изоҳ қолдирган:
" Нега айнан тез ёрдам машинаси?
1) ҳозир инсонлар саломатлигини сақлаш энг муҳим масала;
2) узоқ йиллар тумандаги барча фуқароларга хизмат қилади;
3) талон-торож, таниш-билиш, ўзлаштириш ёки еб кетишнинг иложи йўқ;
4) бир неча йиллик фаолияти давомида тез ёрдам машиналари инсонлар саломатлиги учун хизмат қилса, эҳсон қилганлар шунча йил савобига шерик бўлиб туришади.
Умид қиламанки, ушбу тез ёрдам машиналари ҳеч бўлмаса атиги 1 кишининг ҳаётини сақлаб қолса ҳам, биз асосий мақсадимизга эришган бўламиз.
Фурсатдан фойдаланиб, ушбу акцияда қатнашган ҳамда қўллаб-қувватлаб, ўз маслаҳатлари билан ёрдам берганларга чексиз миннатдорлигимни билдираман.
Аллоҳ эҳсонларингизни даргоҳида қабул қилсин."






