Тожикистон Ўзбекистонга электр энергияси узатишни тўхтатмоқда

ИҚТИСОДИЁТ 29.07.2020, 07:28
Тожикистон Ўзбекистонга электр энергияси узатишни тўхтатмоқда

Тожикистон Ўзбекистон ва Афғонистонга электр энергияси узатишни тўхтатмоқда. Бу ҳақда Тожикистон президенти сайтида мамлакат ҳукумати томонидан эълон қилинган мурожаатда маълум қилинган.

«Бугун биз халқаро шартномаларда белгиланган муддатдан олдин Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикасига электр энергиясини етказиб беришни тўхтатишга мажбур бўлдик. Ҳукумат чеклов ҳақидаги ушбу қарорга тўғри муносабатда бўлишни сўраб, мамлакатнинг барча аҳолисига мурожаат қилади. Ҳозирги қийин вазиятда мазкур иш қиш мавсумида электр энергияси таъминотидаги муаммолардан қочишимизга ёрдам берадиган ягона чора ҳисобланади», дейилади хабарда.

Тожикистон мамлакатнинг ўзида ҳам энергия таъминотига чеклов жорий этмоқда ва мурожаатда аҳолидан чекловни тўғри қабул қилиш сўралган:

«Тожикистон Республикаси ҳукумати мамлакат аҳолисига мурожаат қилади ва «Барқи точик» компанияси томонидан Норак сув омборида кўпроқ сув захира қилиш учун киритилаётган электр энергияси таъминотидаги мазкур чекловни тўғри қабул қилишни сўрайди».

Мурожаатда, мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда, мулкчилик шаклидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро, ҳар бир оила, барча муассаса ва ташкилотлар, компания ҳамда корхоналар электр энергиясидан тежамкор фойдаланишни таъминлаши шартлиги айтилади.

Шунингдек, ушбу ҳолатга Вахш ва Панж дарёларининг шаклланиш ҳудудларида қор кам ёққани, ёғингарчилик миқдори ўтган йилги кўрсаткичнинг 50 фоизига тенг бўлгани сабаб қилиб келтирилади.

«Тожикистонда бундай вазият биринчи марта содир бўляпти. Бугунги кунда Панж дарёсида сув оқими аввалги йилларга қараганда 2 минг куб метрга, шунингдек Вахш дарёсида 800 куб метрга, яъни 50 фоизга кам. Норак сув омборида сув захираси ўтган йилга нисбатан 17 метрга пасайиб кетди», дейилади мурожаатда.

Агар бу ҳолат яна давом этса, у ҳолда сув омборидаги сув заҳираси кескин камаяди ва қишда аҳоли ва халқ хўжалиги тармоқларини электр энергияси билан таъминлашда жиддий муаммолар юзага келади. Шу сабабли, ҳукумат ўз мурожаатида куз-қиш даврида аҳоли электр энергияси таъминотида муаммога дуч келмаслиги учун барча зарур чораларни кўраётгани таъкидлаган.

Куз-қиш мавсумларида электр энергияси таъминотидаги доимий узилишлар ҳақида ҳеч қандай изоҳ берилмаган. Шунингдек, 27 июль куни компаниянинг олти ойлик фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжуманида «Барқи тожик» раҳбарлари ҳам мазкур чеклов жорий этилиши ҳақида гапирмаган.

  • Эслатиб ўтамиз, Тожикистон совуқ об-ҳаво бошлангани ва республиканинг ички эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистонга электр энергияси экспорт қилишни ўтган йилнинг декабрь ойида тўхтатган эди.
  • 2020 йилнинг май ойида келиб Тожикистон электр энергиясини етказиб беришни тиклагани тўғрисида хабар берилган.
  • 22 июль куни Ўзбекистон Тожикистон импорт қисқаргани туфайли электр таъминоти тизимига чекловлар киритилиши ҳақида маълум қилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1