1

Тошкентда зарур дори-дармонлар нархи нега ошмоқда?

ИҚТИСОДИЁТ 29.07.2020, 21:43
Тошкентда зарур дори-дармонлар нархи нега ошмоқда?

Тўрт ойдан ошдики, коронавирус инфекцияси келтириб чиқарган пандемия шароитида яшамоқдамиз. Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон шароитида пандемиядан аҳолининг соғлиғини эҳтиёт қилиш ҳамда турмуш тарзи оғирлашишининг олдини олиш мақсадида аниқ чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Нигора ЭШМЕТОВА бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Шу кунларга келиб аҳолининг ушбу касалликни юқтириб олиш ҳолати кескин ошиб кетмоқда. Бу эса барчамизни, хусусан, халқ вакиллари бўлган депутатлардан ҳам фаол ҳаракат қилишни талаб этмоқда. Аҳоли орасида тўғри ташвиқотни йўлга қўйиш, ҳар бир фуқаронинг ўзини-ўзи ҳимоя қилишига ўтишини тушунтириш, дори-дармон ва зарур озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг асоссиз ошиб кетишига йўл қўймаган ҳолда, депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур бўлмоқда.

Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган пенционерлар, имконияти чекланганлар, ёлғиз яшовчи ва кўп болалари оилалар оғир шароитга тушиб қолишининг олдини олиш зарур.

Агар Тошкент шаҳар миқёсида пандемияга қарши олиб борилаётган чораларни кўрадиган бўлсак, сўнгги кунларда гарчи касалликларнинг сони ошиб борсада, уларга ёрдам кўрсатиш борасида ишлар тизимлаштирилди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаси билан аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида пойтахтимизнинг барча тиббиёт бўлимлари 24 соатлик иш режимига ўтказилди. Унда аҳолига қулайлик яратиш ва тезкор чораларни кўриш мақсадида қисқа рақамли Call-марказлар ишга туширилиб, касалланганларга ҳамда уй шароитида даволанаётганларга маслаҳатлар бермоқда. 

Буни биргина Юнусобод туманидаги 50-оилавий поликлиника мисолида кўрсак, кунлик телефон рақамлар орқали 1000 дан ортиқ, фуқаролар билан суҳбатлар ташкил этилмоқда. Уларга амалий ёрдам берилмоқда. Ҳар бир тиббиёт муассасасида уй шароитида даволанаётганлар учун зарур бўлган ўнга яқин турдаги дорилар бепул тарқатилмоқда. Шунингдек, тиббиёт муассасаларида биринчи тиббиёт ёрдам кўрсатиш марказлари ишга туширилган бўлиб, ўзининг натижасини бермоқда.

Сўнгги вақтларда аҳоли томонидан дориларнинг нархлари кескин ошиб кетиши ва тақчиллиги кўп муҳокама қилиняпти. Шу борада депутатлик назорати олиб борилганда, пойтахтимизнинг Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Миробод туманларида жойлашган бир қатор дорихоналар фаолияти ўрганилди. Депутатларнинг жойлардаги ўрганишларидан шу нарса маълум бўлдики, ҳақиқатдан ҳам шу кунларда дориларнинг нархларидаги ўсиш сезиларли даражада бўлмоқда.

Иккинчи томондан аҳоли учун, хусусан, беморларга зарур бўлган кўплаб дорилар шу кунларда сотувда топилмаяпти. Асосан Гепарин, Клексан, Плаквенил каби дорилари бир ойдан буён сотувда мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Барчага маълумки, юрак хасталиги бор фуқароларимиз коронавирусни юқтириб олса, оғир кечаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Шундай экан, қисқа вақт ичида ушбу дориларни беморларга етказиб бериш борасида чоралар кўриш зарур.

Яна таҳлилларни давом эттирадиган бўлсак, пойтахтимиз дорихоналарида Витамин Д, Цинк, Арбидол каби дорилар бўйича ҳам тақчиллик мавжуд, бу ҳолатнинг ҳам олдини олиш лозим.

Дорихоналарда сотилаётган дориларнинг нархлари ўзаро солиштирилганда, фарқи сезилаётган ҳолатлар бўляпти. Бунинг олдини олиш учун таклифимиз: фармацевтика соҳасига масъул идоралар тезкорлик билан дориларнинг сотуви ва етарлилигига бўйича иш олиб бориши зарур. Хусусан, тизимга ахборот технологияларини кенг жорий этиш, мобил иловалар орқали қидиришни йўлга қўйиш чораларини кўриш зарурияти мавжуд. Шунда пойтахт аҳолиси уйида турган ҳолда, дориларнинг мавжудлиги ва нархларидан хабардор бўлади. Бу эса ортиқча оварагарчиликнинг олдини олиб, нархлар устидан жамоатчиликнинг назоратини кучайтиради.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига Ўзбекистон ХДПдан сайланган депутатларимиз режа асосида пойтахт дорихоналарида юзага келаётган муаммолар бўйича депутатлик назоратини давом эттиради.

Ўзингизни, яқинларингизни асранг. Барчангизнинг соғлиғингиз биз учун муҳим.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1