1

Сенатнинг 6-ялпи мажлиси: “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди

СИЁСАТ 07.08.2020, 12:06
Сенатнинг 6-ялпи мажлиси: “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди

Бугун, 7 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Ялпи мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб бормоқда.

Сенаторлар парламент юқори палатасининг олтинчи ялпи мажлиси кун тартибидаги навбатдаги масала – “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонунни муҳокама қилди, дея хабар бермоқда Сенат Ахборот хизмати.

Қайд этилганидек, амалдаги Қонуннинг тўғридан-тўғри амал қилиш даражаси паст бўлиб, бугунги бозор шароитида самарасиз бўлган, эскирган норма ва қоидаларни ўзида мужассам этган. Хусусан, меҳнат органлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар бир нечта қонуности меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Бундан ташқари, янги иш ўринларини ташкил этиш ва касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича давлат буюртмаси механизмлари кўрсатилмаган. Шу жиҳатдан бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш, меҳнат бозори ва меҳнат миграцияси билан боғлиқ янги муносабатларни қонуний тартибга солиш зарурати ҳам вужудга келмоқда.

Янги таҳрирдаги “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонун эса ушбу йўналишдаги фаолиятни тартибга солиш мақсадларига хизмат қилади.

Шу билан бирга, аҳоли бандлигини таъминлашда замонавий касбий ва меҳнат стандартларини жорий этиш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг механизмларини тартибга солиш ва такомиллаштиришда дастуриламал бўлади.

Қонунда биринчи марта иш билан таъминлашнинг самарали ва истиқболли йўналишлари – касбий малака ва компетенцияни ривожлантириш миллий тизими, меҳнат дафтарчалари ва шартномаларининг электрон ҳисобини юритишни назарда тутувчи ягона миллий меҳнат тизими жорий этилмоқда.

Уларнинг киритилиши бандликни таъминлашнинг зарурий шарти ҳисобланиб, меҳнат бозори тўғрисида тўлиқ маълумот тўплаш ва олишга имкон беради. Айниқса, рақамли иқтисодиётга ўтиш шароитида бу жуда муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш имконини беради.

 

Қонуннинг қабул қилиниши меҳнат бозори ва бандликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, миллий ишчи кучи сифатини ошириш учун рағбатлантиришни ташкил этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни ишга жойлаштиришни кучайтириш, ишсизларни моддий қўллаб-қуватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини рағбатлантиришни мустаҳкамлайди.

Шунингдек, меҳнат бозорида замонавий инфратузилма ва институционал муҳитни яратиш, меҳнат органлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтириш, шахсларнинг тадбиркорлик ташаббуслари ва ўзини ўзи банд қилишга жалб этиш имкониятлари ортади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1