АсосийСИЁСАТ

Ўзбекистон фармацевтика маҳсулотларининг 70 фоизини маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига қопламоқчи

Фармацевтика соҳасида маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида сўнгги йилларда 1 миллиард долларлик 330 та янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилган.

'Ўзбекистон фармацевтика маҳсулотларининг 70 фоизини маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига қопламоқчи'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашувда мамлакатда фармацевтика маҳсулотларининг 70 фоизини ички имкониятлар ҳисобидан қоплаш мақсад қилинганини маълум қилди. Шунингдек, тиббиётни рақамлаштириш жараёни сунъий интеллект имкониятлари билан бойитилиши айтилди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, тиббиётни рақамлаштириш бўйича ишлар хусусий клиникалар ва дорихоналарни ҳам қамраб олмоқда. Яқин вақтларда тизим сунъий интеллект имкониятлари билан янада такомиллаштирилиб, шифокор ва ҳамшираларнинг ишида муҳим кўмакчига айлантирилади.

Фармацевтика соҳасида маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида сўнгги йилларда 1 миллиард долларлик 330 та янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилган.

Шунингдек, “Тошкент биофарм сити” кластери ҳамда Андижон, Наманган, Жиззах ва Тошкент вилоятларида фармацевтика эркин иқтисодий зоналари ташкил этилган. Уларда умумий қиймати 1 миллиард 200 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашувда сўнгги 10 йилда мамлакатда 10 миллион аҳолига хизмат кўрсатадиган янги поликлиника ва шифохоналар ишга туширилгани, 58 мингта шифо ўрни яратилганини ҳам маълум қилганди. Ушбу даврда тиббий хизматлар ҳажми уч карра ошган.

    Бошқа янгиликлар