АсосийСИЁСАТ

Ўзбекистонда Ибн Сино номидаги давлат мукофоти таъсис этилади

Бирламчи тиббий ёрдам бўғинида самара берган мазкур тажриба келаси йилдан бошлаб яна 100 та туманда жорий этилади.

'Ўзбекистонда Ибн Сино номидаги давлат мукофоти таъсис этилади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашувда инсон саломатлигини асраш, илғор илмий ишланмалар ва замонавий даволаш усулларини амалиётга жорий этишда намуна кўрсатаётган тиббиёт ходимлари учун Ибн Сино номидаги давлат мукофотини таъсис этиш ташаббусини илгари сурди.

Давлат раҳбари тиббиёт ва фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга 800 минг нафардан ортиқ ходим муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлади.

Қайд этилишича, яқинда соҳа фидойиларининг бир гуруҳини давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида фармон имзоланган. Мукофотланганлар орасида тиббиёт ходимлари билан бирга тадбиркорлар ва хорижлик ҳамкорлар ҳам бор. Учрашув давомида Президент давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.

Шунингдек, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, илғор илмий ишланмалар ва самарали даволаш усулларини амалиётга жорий этишда алоҳида ўрнак кўрсатаётган тиббиёт ходимларини рағбатлантириш мақсадида Ибн Сино номидаги давлат мукофотини таъсис этиш таклиф қилинди.

"Доим айтаман, бирламчи бўғин қанча яхши ишласа, халқимиз шунча соғлом бўлади", деди Шавкат Мирзиёев.

Президент бирламчи тиббий ёрдам сифатини ошириш мақсадида 28 та туманда янги тизим синовдан ўтказилганини қайд этди. Ушбу туманларда 7 миллион нафар аҳоли оилавий шифокорларга бириктирилиб, томонларнинг вазифа ва мажбуриятлари ўзаро келишув асосида белгиланган.

Янги лабораториялар ишга туширилиб, шифокор ва ҳамшираларнинг малакаси оширилган. Шунингдек, беморларни тиббий муассасаларга йўналтириш тартиби ишлаб чиқилган. Бу эса аҳолининг поликлиникаларга бўлган ишончини оширишга хизмат қилган.

Маълум қилинишича, кафолатланган пакет доирасида амбулатор шароитда даволанаётган беморларга 69 турдаги дори воситаси бепул берилмоқда.

Бирламчи тиббий ёрдам бўғинида самара берган мазкур тажриба келаси йилдан бошлаб яна 100 та туманда жорий этилади.

    Бошқа янгиликлар