1

Эри томонидан калтакланган аёл қотилга айланди

ЖИНОЯТ 07.08.2020, 17:17
Эри томонидан калтакланган аёл қотилга айланди

Аёл қайнотасига тегишли хонадонда турмуш ўртоғи, фарзанди билан биргаликда яшаб келган. Оилавий келишмовчилик туфайли, эри билан ўрталарида жанжал келиб чиқади. Эр хотинини сочидан тортиб, уриб, ҳақорат қилган. Бундан ғазабланган аёл эридан ўч олиш мақсадида уни қасддан ўлдиришни режалаштиради...

Аёл жиноий режасини амалга ошириш мақсадида, турмуш ўртоғини оғир даражада мастлиги, ўзини ҳимоя қилишга, фаол қаршилик кўрсатишга қодир эмаслигини англаган ҳолда, дастлаб бўш ҳолдаги ароқ шишаси билан эрининг бошга урган. Сўнг ошхона пичоғи билан қуролланиб, эрининг қорнига пичоқ уриб, қасддан ўлдирган.

                                “ҚИЛМИШИМДАН ЧИН КЎНГИЛДАН ПУШАЙМОНМАН”

Судда сўроқ қилинган судланувчи қўйилган айбга қисман иқрорлик билдирди...

— Ўша куни уйқудан туриб, ўғлим билан биргаликда нонушта қилдик ва уни мактабга юбордим. Сўнг эрим уйқудан уйғониб, нонушта вақти ароқ ичди. Тушликкача битта ароқни ичиб тугатди ва қайта яна ухлашга ётди. Кечга томон эримнинг ота-онаси меҳмонга келишди. Шу боис эримни уйқудан тургаздим. Уларни меҳмон қилиб, кечки вақт кузатдим. Кетишгач, эрим яна ароқ ичишни бошлади. Ароғи тугаб қолганидан кейин “ароқ олиб келиб бер”, деди. Ўғлим билан чиқиб бир дона ароқ олиб келдик. Кейин ўғлимни ухлатиш учун хонага кириб кетдим. Хонадан чиққанимда эрим ароқ ичиб ўтирарди. Мени ёнига чақириб, гиламни тагида турган гиёҳвандлик моддасини кўрсатди-да, “шуни чекиб тугатсам, қайтиб чекмайман”, деди. Шу вақти гиёҳвандлик моддасини олиб, ҳожатхона унитазига ташлаб юбордим. Эрим олдимга келган вақтида унитазни сувини оқизиб юбордим. Бу ҳолатдан жаҳли чиқиб, ариқ ичишда давом этди. Эрим “дастурхон ёз, ароқни газагига олма олиб кел!” деб бақирди. Айтган ишларини қилганим сари янги иш буюриб жанжал чиқараверди. Олмани пўстини арчиш учун пичоқни сўради, олиб бордим. Кейин “овқат олиб кел”, деди. Овқатни иситиш учун газга қуйганимни айтишимга қарамай, бақиргани учун қўрқиб овқат исимаган бўлса-да, олиб бордим. Шунда “овқатни нега иситмасдан олиб келдинг?” деб, сочимдан тортиб урди. Кейин ёнига ўтказиб, бир қўли билан сочимдан ушлаб олиб, иккинчи қўли билан овқатни еди. Сўнг “дастурхонни йиғиштир”, дея жаҳл устида сочимдан тортиб, бўйнимдан бўғиб, бир неча маротаба урди. Эримни тинчлантириш учун турган бўш ароқ шишаси билан бошига бир неча маротаба урдим. Бироқ ароқ шишаси синиб кетди, эримни баттар жаҳли чиқиб, “мени урадиган бўлиб қолдингми?” деб яна сочимдан тортиб, тинмай уриб, тепди. Деворга суяниб қолганимдан кейин пичоқни олиб келиб, ўлдириш билан таҳдид қилди. Эримнинг қўлида пичоқни кўриб қаттиқ қўрқиб кетдим. Қўлини икки қўлим билан ушлаб, қайириб ўзига қараб итариб юбордим. Шу вақти у кишини қўлида бўлган пичоқ қорнига кириб кетди. Эрим пичоқни тортиб олиб, ерга йиқилди-да, сув беришимни айтди. Шок ҳолатига тушиб, нима қилишини билмай қолгандим. Сув бердим, кейин устидаги трикосини алмаштиришимни айтди, алмаштирдим. "Уйдагиларни чақир”, деди. Шунда овсинимга қўнғироқ қилиб, “тез-тез келинглар, шифокор чақиринглар”, дея эримнинг мазаси бўлмаётгани ва иккаламиз уришиб қолганимизни айтдим. Кейин телефон учиб қолди. Қайта яна овсинимга қўнғироқ қилган вақтимда телефонга қайнукам жавоб берди. У кишига шифокор олиб келишини айтдим... Бироз вақт ўтгандан сўнг қайнотам, қайнонам ва қайнукам келишди. Шунда қайнонам эримнинг олдига бориб, “ҳали яхши экан”, дея тез ёрдамни чақиришни билдирди. Сўнг уйга шифокорлар келишди, улар эримни кўриб, вафот этгани, ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига хабар бериш лозимлигини айтиб кетишди. Тез орада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари келишди... Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман.

Судланувчининг айби ўзининг айбига иқрорлик билдириб берган кўрсатмаларидан ташқари, судда текширилган далиллар билан тўлиқ ўз исботини топди.

Ўткир МАМАДАЛИЕВ, Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раисининг ўринбосари:

— Судланувчи ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди.Судланувчига ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “в” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

                                                                                                                      С.АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1