Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида аҳолига тарқатиш учун мўлжалланган суюлтирилган газни ноқонуний сақлаш ва қиммат нархларда сотиш ҳолатлари фош этилди. Самарқанд вилоятида эса 3,1 тонна газни ноқонуний сотиш орқали 1 млрд сўмлик электр энергиясини талон-торож қилиш ҳолати аниқланган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, табиий газ тармоқларига уланмаган аҳоли учун ажратилган суюлтирилган газнинг талон-торож қилинишига йўл қўймаслик мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, «Ўзэнергоинспекция» ва «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти ҳамкорлигида республика бўйлаб рейд тадбирлари ўтказилмоқда.
Жумладан, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида бир гуруҳ шахслар газ тарқатиш шохобчаси масъуллари билан тил бириктирган ҳолда, ўзларига тегишли нотурар бинода 6 тонна сиғимли цистерна ўрнатган. Улар аҳолига тарқатиш учун мўлжалланган суюлтирилган газни баллонлардан компрессор орқали цистернага бўшатиб, кейинчалик ўзларига қарашли автомобилларга газ қуйиш шохобчасида ноқонуний сотиш билан шуғулланган.
Текширув давомида ушбу манзилда умумий қиймати 32,2 млн сўмлик 3,1 тонна суюлтирилган газ аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган. Қайд этилишича, бу миқдордаги газ ўртача 150 та хонадоннинг 45 кунлик эҳтиёжини қоплашга етади.
Шунингдек, мазкур шахслар электр энергияси тармоғига ноқонуний уланиб, давлат манфаатларига 1 млрд сўмлик зарар етказгани аниқланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бошқа ҳолатлар ҳам қайд этилган. Жумладан, Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган фуқаронинг уйида 130 килограмм суюлтирилган газ билан тўлдирилган 35 та газ баллони ноқонуний сақланаётгани аниқланган.
Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманида газ бўлими ходими ва 1969 йилда туғилган фуқаронинг хонадонларида жами 23 та газ баллони борлиги маълум бўлган.
Хоразм вилоятининг Боғот туманида эса газ таъминоти бўлимида ишловчи уч нафар чилангар ўз танишларининг уйларида жами 300 килограмм суюлтирилган газ билан тўлдирилган 25 та баллонни қиммат нархда сотиш мақсадида сақлаб келган.
Андижон вилоятида ўтказилган рейдлар давомида 980 килограмм суюлтирилган газ билан тўлдирилган 243 та баллонни қиммат нархда сотиш учун ноқонуний сақлаш ҳолатлари аниқланган. Хусусан, Улуғнор тумани газ бўлими чилангарининг уйидан аҳоли учун мўлжалланган 17 та, Шаҳрихон тумани газ бўлими чилангарининг хонадондан эса 13 та газ баллони олинган.
Жиззах вилоятининг Янгиобод туманида газ таъминоти бўлими ҳайдовчиси ўзининг икки нафар танишининг хонадонларида жами 720 килограмм суюлтирилган газ билан тўлдирилган 57 та баллонни ноқонуний сақлаётгани ҳужжатлаштирилган.
Навоий вилоятининг Нурота туманида эса газ таъминоти бўлими чилангари ва ҳайдовчиси «Ҳудудгаз Навоий» газ таъминоти филиали балансидаги, суюлтирилган газ билан тўлдирилган икки дона баллонни харидорга 280 минг сўмга сотаётган вақтда ушланган.
Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, бундай назорат тадбирлари мутасадди идоралар ҳамкорлигида мунтазам давом эттирилади.
Фуқаролардан аҳоли учун мўлжалланган суюлтирилган газ билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларга дуч келганда ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар бериш сўралган. Хабар берувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.






