Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида қарийб 2 килограмм “гашиш” гиёҳвандлик воситасини 18 минг АҚШ долларига сотган икки нафар шахс ушланди. Улар гиёҳвандлик моддасини шартли харидорга сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ва Андижон вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида 1988 ва 1995 йилларда туғилган, Пахтаобод туманида яшовчи икки нафар фуқаро 1 килограмм 971 грамм “гашиш”ни 18 минг долларга сотган вақтда ушланган. Қўлга олиш жараёнида улар тезкор ходимларга қаршилик кўрсатиб, воқеа жойидан қочишга уринган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






