АсосийЖИНОЯТ

Наманганда 5,6 млрд сўмлик дори воситалари сақланаётган яширин омбор аниқланди

Аниқланган дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

'Наманганда 5,6 млрд сўмлик дори воситалари сақланаётган яширин омбор аниқланди'ning rasmi

Наманган вилоятининг Уйчи туманида умумий қиймати 5,6 млрд сўмга баҳоланган дори воситалари сақланаётган яширин омбор аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари вилоят Божхона ва Ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган.

Тадбир давомида фармацевтика маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи хусусий корхона раҳбари ва унинг ишчиси бўлган, 1983 ва 1986 йилларда туғилган ака-ука томонидан нотурар бинoнинг ертўласида ташкил этилган яширин омбор аниқланган.

Омборни кўздан кечириш жараёнида хорижда ишлаб чиқарилган, умумий тахминий қиймати 5,6 млрд сўм бўлган 412 турдаги жами 67 923 дона дори воситаси топилган. Мазкур маҳсулотлар кейинчалик сотиш мақсадида сақлангани айтилмоқда.

Аниқланган дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда улар юзасидан судга оид кимёвий ва товаршунослик экспертизалари тайинланган. Ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар