Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида "Onix" русумли автомобиль уриб юборган 20 ёшли қиз шифохонада вафот этди. Бу ҳақда "Миллар" дастурида хабар берилди.
Аввалроқ, 22 октябрь куни соат 15:00 ларда туманнинг КХАЙ кўчасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Дастлабки маълумотларга кўра, 2006 йилда туғилган ҳайдовчи "Onix" автомобилини бошқариб кетаётиб, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган қизни уриб юборган.
Ҳодиса гувоҳларининг айтишича, зарба оқибатида қиз оғир жароҳат олган ва кўп қон йўқотган. Унинг бош қисми ҳам шикастланган. Ҳодиса жойига тез тиббий ёрдам чақирилган ва жабрланувчи шифохонага олиб кетилган. Бироқ шифокорлар саъй-ҳаракатларига қарамай, унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.
Маълум қилинишича, ҳалок бўлган қиз олий таълим муассасасининг иккинчи босқичида таҳсил олган. Ҳодисадан сўнг мазкур ҳудудда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида светофор ўрнатилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси масъул ходимлари суриштирув ишларини олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятининг Фурқат туманида ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ўсмир "BMW" автомобилида йўл-транспорт ҳодисасига учраши оқибатида ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.






