1

Президент Ўзбекистон қурувчиларига байрам табриги йўллади

СИЁСАТ 08.08.2020, 21:36
Президент Ўзбекистон қурувчиларига байрам табриги йўллади

Маълумки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қарори билан август ойининг иккинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни” деб эълон қилинган. 2017 йилдан буён ушбу сана юртимизда нишонлаб келинади. 

Бугун давлат раҳбари ушбу сана муносабати билан қурувчиларга байрам табригини йўллади. Табрик матни Президент расмий сайтида эълон қилинди. 

"Аввало, мамлакатимизнинг қурилиш соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган сиз, азизларни касб байрамингиз билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Жонажон Ўзбекистонимизнинг янги қиёфасини барпо этиш, Ватанимизнинг юксак тараққиётини таъминлаш, ҳаётимизни янада обод ва фаровон этишда сизлар сингари моҳир қурувчи ва муҳандислар, уста ва меъморлар, лойиҳачи ва пудратчи ташкилотлар вакиллари – минг-минглаб бунёдкор инсонларнинг олижаноб меҳнатини ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайди.

Бугунги қутлуғ айём – Қурилиш соҳаси ходимлари куни диёримизда кенг нишонланаётгани ҳам халқимиз ва давлатимизнинг сизларга бўлган ана шундай самимий ҳурмат-эҳтиромидан далолат беради" дейилади табрик матнида. 

Табрикда таъкидланишича, жорий йилнинг биринчи ярмида юртимизда жами 43 триллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 107 фоиздан зиёдни ташкил этган. 

Жорий йилда қишлоқ жойларда 12 мингдан зиёд, шаҳарларда 18 мингдан ортиқ кўп хонали уй-жойлар барпо этилмоқда. Ҳозирги вақтда юртимизда 2 минг 400 га яқин ижтимоий объект, жумладан, 427 та боғча, 477 та мактаб, 216 та соғлиқни сақлаш, 29 та жисмоний тарбия ва спорт муассасаси ва 100 га яқин бошқа турли иншоотларда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

Ўтган 3 йил давомида ушбу соҳани тартибга солувчи жами 33 та қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида 6 та қонун ҳужжатлари ҳаётга татбиқ қилинган.

"Бу йил қурилиш соҳаси учун ҳақиқатан ҳам ҳар томонлама синовли ва ғоят масъулиятли давр бўлганига ҳаммамиз гувоҳмиз.

Дастлаб Бухоро вилоятида, сўнгра “Сардоба” сув омборида юз берган табиий офат ва тошқин оқибатларини бартараф қилиш, ижтимоий объектларни тиклаш ва таъмирлаш, минг-минглаб оилалар учун замонавий уй-жойлар барпо этиш ишларида бунёдкор азаматларимиз ҳақиқий матонат ва шижоат намуналарини кўрсатдилар.

Энг муҳими, бу ишларда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларнинг моҳир қурувчилари ва муҳандислари бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилиб, халқимизга хос аҳиллик ва бирдамлик, ҳамжиҳатлик фазилатларини, биз чиндан ҳам ягона оила фарзандлари эканимизни яна бир бор амалда намоён этдилар.

Шу йилнинг март ойидан буён республикамизда қатъий карантин талаблари ўрнатилган таҳликали бир вазиятда қурувчиларимиз кўзга кўринмас бу балога қарши қаҳрамонона курашаётган шифокорларимиз ва бошқа соҳа вакиллари билан биргаликда стратегик аҳамиятга эга бўлган махсус қурилиш объектларини бунёд этаётганлари ҳар қанча таҳсинга сазовордир.

Хусусан, ғоят қисқа фурсатларда Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 4 минг ўринли кўп тармоқли махсус шифохона, Юқори Чирчиқ туманида аҳолини вақтинча карантинда сақлаш мажмуаси каби ўнлаб иншоотлар ҳамда тақсимлаш пунктлари барпо этилди", - дейди Президент.

Президент ўз табригида яқинда қурувчиларимиз томонидан барпо этилган Ғалаба боғи, Адиблар хиёбони, Тошкент ер усти ҳалқа метро йўли, Юнусобод ва Сергелидаги янги метро йўналишлари, Яшнобод туманидаги уч қаватли муҳташам кўприк, Ислом цивилизацияси марказини алоҳида эътироф этади. 

"Азиз ва муҳтарам қурувчилар! Барчангизни касб байрамингиз билан яна бир бор табриклар эканман, эзгу фаолиятингиз ва шахсий ҳаётингизда янги ютуқ ва омадлар тилайман. Хонадонларингизга доимо тинчлик-хотиржамлик, файзу барака ёр бўлсин! Қўлингиз асло дард кўрмасин, ҳамиша соғ-саломат бўлинг!" дея якунланади табрик сўзи. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1