Ўзбекистон Президенти Остонада сунъий интеллект хавфсизлиги ва терроризмга қарши курашиш масалалари муҳокама қилинадиган халқаро учрашувда иштирок этади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5–6 ноябрь кунлари амалий ташриф билан Қозоғистонга боради. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ва Иордания қироли Абдулла II таклифига биноан Остона шаҳрида бўлади.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад — Марказий Осиё давлатлари етакчиларининг “Ақаба жараёни” доирасидаги учрашувида иштирок этиш.
Учрашувда сунъий интеллектдан хавфсиз фойдаланиш, унинг террорчилик ва экстремистик мақсадларда қўлланилишига қарши курашиш, шунингдек, янги технологик таҳдидларга қарши халқаро ва минтақавий ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинади.
“Ақаба жараёни” 2015 йилда Иордания қироли Абдулла II ташаббуси билан бошланган бўлиб, терроризм ва экстремизмга қарши курашишда давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.






