Сўнги йилларда истеъмолчиларнинг мототранспорт воситаларига бўлган талаби бир неча баробар ўсди. Сабаби ушбу техника воситалари кам ёқилғи сарфлаш билан бир қаторда, "устага иш қолдирмайдиган" камхарж. Нархи хамёнбоп, устига устак анчагина юмушимизни бажара олади. Жондор туманида истиқомат қилувчи қахрамонимиз И.Тўраев хам юқоридаги фикрларга асосланиб, "Бухоро Реал Мото" МЧЖ га қарашли "Лочин" мототранспорт воситасини сотиб олиш мақсадида 21.885.000 сўмга шартнома тузиб, сўнгра орадан бир қанча вақт ўтгач бошқа моделдаги транспорт воситасини харид қилиш мақсадида яна ташкилотга мурожаат қилади. Аммо тадбиркор томонидан нархлар ошганлиги маълум қилиниб, истеъмолчига истаса янги нархда харид қилиши мумкинлиги таклиф этилади.
Бундан ташқари янги шартнома тузиш учун ходимлар йўқлиги, бунинг сабаби юртимизда кучайтирилган карантин тартиби жорий этилгач, кўп ташкилотлар қатори ишчилар саломатлигини назарда тутган холда "Бухоро Реал Мото" МЧЖ хам фаолиятини вақтинча тўхтатишга, мижозлар буюртмаларини кечиктиришга мажбур бўлгани тушунтирилган. Бу важлардан норози бўлган И.Тўраев эски нархда транспорт воситаси етказиб берилишини, агар заводда бўлмаса диллерлардан олиб берилишини сўраб Ўзбекистон Истеъмолчилар хуқуқларини химоя қилиш жамиятлари Федерацияси Бухоро вилоят худудий бирлашмасига мурожаат қилади. Соха мутахассисларининг сайи харакатлар натижасида истеъмолчи муаммоси хал этилди. Тадбиркор асосли маълумот берганлиги хисобга олиниб, И.Тўраев 26.025.000 сўм тўловни амалга оширди хамда ўзи истаган мототранспорт воситасини диллердан харид қилди. Тадбиркор ва истеъмолчи ушбу келишувдан бирдек миннатдор!
Амирхон Ахмадов






