Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида техникумда ишлаб чиқариш таълими устаси бўлиб ишлаган эркак вояга етмаган ўқувчига нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилгани учун 5 суткага маъмурий қамоқ жазосига тортилди. Darakchi.uz суд ҳужжати билан танишди.
Ҳодиса 25 сентябрь куни техникумда содир бўлган. Қайд этилишича, эркак ўзига бириктирилган гуруҳда таҳсил олувчи вояга етмаган қиз ўқувчини физика дарси вақтида ўқитувчидан рухсат олиб, аудиториядан чиқарган.
Улар кафедра хонасига кирганидан сўнг эркак қизни ўзига тортиб, шаҳвоний тусдаги ҳаракатларни амалга оширишга уринган. Ўқувчи қаршилик кўрсатиб, хонадан чиқиб кетган ва дарсга қайтган.
Шундан сўнг, дарслар тугагач, қиз ётоқхонада дам олаётган вақтида унга бегона рақамдан қўнғироқ бўлган. Қўнғироқ қилган шахс ўзини бошқа исм билан таништириб, ўқувчидан спортзалга келишини сўраган.
Қиз спортзалга борганида ходим турли баҳоналар билан яна унга шилқимлик қилган. Шу пайт эркакка телефон қўнғироғи бўлган ва ўқувчи хонадан чиқиб қочган.
Қиз воқеа ҳақида ўша куни ҳеч кимга хабар бермаганини айтган. Унинг сўзларига кўра, бунга техникумдаги бошқа ходимлар чора кўришига ишонмагани ва ҳамманинг олдида шарманда бўлишдан қўрққани сабаб бўлган.
«Директоримиз келгач, бундан кейин барчасини айтиб бердим», — деган ўқувчи.
Суд мажлисида эркак қизни дарсдан чиқариб олганини тан олган. Бироқ у ўқувчиларга берилмаган оёқ кийимлари масаласида ота-оналардан ариза йиғиш бўйича қизнинг ёрдамига муҳтож бўлганини айтган. У шаҳвоний ҳаракатлар қилганини инкор этган.
Суд эркакни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган шаҳвоний шилқимлик қилиш ҳуқуқбузарлигини содир этган деб топган.
Унга 5 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.






