Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 586 туп дарахт ноқонуний равишда илдизи билан қўпориб ташлангани аниқланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда Бўстонлиқ тумани ҳудудида дарахтлар қўпориб ташлангани ҳақида хабарлар тарқалганидан сўнг ҳолат ўрганилган.
Текширувлар давомида «Ғазалкент» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида «Y.D.» масъулияти чекланган жамияти томонидан 2 гектар майдондаги жами 586 туп дарахт ноқонуний равишда илдизи билан қўпориб ташлангани аниқланган.
Қайд этилишича, уларнинг 9 тупи қимматбаҳо дўлана, 3 тупи арча, 3 тупи кам қимматли тоғ олчаси ва 571 тупи учқат дарахти бўлган.
Маълум бўлишича, ҳолат юзасидан тадбиркорга бир неча бор огоҳлантириш берилган. Бироқ у қонуний талабларга бўйсунмасдан, қаршилик кўрсатишга уринган.
Ҳозирда Экология полицияси томонидан ҳуқуқбузарликка чек қўйилган. Махсус техникалар ёрдамида тупроқ остида қолган дарахтлар ҳам чиқариб олинган.
Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур қонунбузарлик оқибатида табиатга 1 миллиард 705 миллион 660 минг сўм миқдорида зарар етказилган.
Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида қарийб 100 йиллик 11 туп Зарафшон арчаси ноқонуний равишда қўпориб ташлангани ҳақида хабар берилган эди.






