Фарғона вилоятининг Данғара туманида “Умра” зиёратини тегишли лицензиясиз ташкил этишга уринган турфирма ходими қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган.
Унда Данғара туманида фаолият юритувчи турфирма ходими тегишли лицензияга эга бўлмаган ҳолда 4 нафар фуқарони Саудия Арабистонига “Умра” зиёратига юборишни ваъда қилгани аниқланган.
У мазкур хизмат учун 4 минг 400 АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 1 минг 100 доллар олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






