1

Қибрайда чамадондан жасади чиққан Олий суд собиқ ходимининг қандай ўлдирилгани тафсилотлари маълум бўлди. Қотил — шифокор

ЖАМИЯТ 13.08.2020, 16:29
Қибрайда чамадондан жасади чиққан Олий суд собиқ ходимининг қандай ўлдирилгани тафсилотлари маълум бўлди. Қотил —  шифокор

Сал аввал Қибрай туманида саёҳат жомадонидан мурда топилгани, марҳум Олий суднинг собиқ ходими эканига оид хабар берилган эди. Айни пайтда Бош прокуратура Матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг "darakchi.uz"га маълум қилишича, ҳолат бўйича қўзғатилган жиноят иши («қасддан одам ўлдириш», 97-модда) бўйича икки нафар шахс қўлга олинди.

Воқеа тафситлотларига кўра, марҳум Ш.А. шу йилнинг 7 август куни эрталаб шахсий «Gentra» автомашинасида ўз уйидан Тошкент шаҳридаги Республика Шошилинч тез тиббий клиник (собиқ 6-сонли) шифохонасига (РШТЁИМ) кўрикдан ўтиш учун таниши Р.Х. (1975 йилда туғилган) олдига келган.

2009 йилдан буён РШТЁИМ бўлим раҳбари лавозимида ишлаб келаётган Р.Х. ўзига аввалдан таниш бўлган Ш.А.ни кўрикдан ўтказиш жараёнида эски адоватларни эслайди. Шунингдек, унинг (марҳумнинг) шу даргоҳда ишловчи шаръий хотини ҳақида гап кетиб, икки ўртада келишмовчилик келиб чиқади. 

Шифокор Р.Х. бемор одамга нисбатан қандай хатти-ҳаракатлар қилинса, оқибати ўлим билан тугашини мутахассис сифатида яхши билгани боис «рақиби»нинг соғлиғидан шикоят қилиб келганлигидан фойдаланиб, уни бўш хонага олиб киради ва тиббиёт кушеткасига ётқизади. Айни жараёнда унинг бош қисмига қаттиқ тумтоқ жисм билан бир маротаба уриб, сўнг бўғиб қасддан ўлдиради.

Жиноятни яшириш мақсадида Ш.А.нинг жасадини ўзида мавжуд бўлган қора рангли саёҳат жомадонига жойлаб, таниши, 1964 йилда туғилган А.М. ёрдамида ўзининг қора рангли «Gentra»сида Қибрай туманининг «Соҳибкор» ҳудудидан оқиб ўтувчи Бўзсув каналига ташлаб юборади.

Шунингдек, улар марҳумнинг қўл сумкасидаги 660 минг сўм ва 230 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олиб, шахсий ҳужжат ҳисобланган фуқаролик паспорти, ҳайдовчилик ва хизмат гувоҳномаларини қайчи ёрдамида бўлакларга бўлиб, сувга оқизиб қасддан йўқ қилишгани ҳам аниқланди.

Тергов жараёнида Р.Х.га тегишли автомашинанинг юкхонаси атрофида қирилишлар, ундаги (юкхонадаги) ва РШТЁИМдаги хонасининг ер ва девор қисмларидан олинган қонга ўхшаш доғлар ашёвий далил тариқасида олинган. Айни пайтда судга бир неча экспертизалар тайинланган.

Қўлга олинганларга нисбатан қотиллик ва бошқа қатор айбловлар эълон қилиниб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Бош прокуратура назоратига олган мазкур жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари Тошкент вилояти прокуратураси (ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими) томонидан олиб борилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1