Касаллик айрим ҳолларда зотилжам ва менингит каби оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин.
Ўзбекистонда Коксаки вируси билан касалланиш ҳолатлари алоҳида статистик ҳисобга олинмайди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.
Мутахассиснинг тушунтиришича, Коксаки энтеровируслар гуруҳига мансуб бўлиб, у билан касалланиш ҳолатлари энтеровирус инфекцияларининг умумий статистикасида қайд этилиши мумкин.
Отабековга кўра, куз-қиш мавсумида айрим юқумли касалликлар, жумладан, Коксаки вирусини юқтириш хавфи ортади.
Коксаки вирусининг 70 га яқин тури мавжуд бўлиб, улар орасида асосан А ва Б гуруҳлари учрайди. Инфекция ўткир ичак касалликларига ўхшаш белгилар билан кечиши, айрим ҳолларда эса нафас йўллари ва ичак фаолияти билан боғлиқ аломатлар бир вақтнинг ўзида намоён бўлиши мумкин.
Вируснинг А гуруҳига мансуб турлари билан касалланганда юз, лаб, бурун ва бармоқларда пуфакчалар пайдо бўлиши мумкин. Б гуруҳига мансуб турлари эса ичак фаолияти бузилишига, айрим ҳолларда ички аъзоларнинг зарарланишига сабаб бўлиши эҳтимоли бор.
Нурмат Отабековнинг таъкидлашича, беморларнинг аксарияти касалликни енгил ўтказади. Ҳатто айримлар вирус юқтирганини сезмаслиги ҳам мумкин. Бироқ инфекция баъзи ҳолларда зотилжам ва менингит каби жиддий асоратларга олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.
Мутахассис тўрт кундан ортиқ давом этадиган иситма ҳам ушбу инфекциядан шубҳаланишга асос бўлиши мумкинлигини билдирди.
Касалликка гумон қилинганда беморларга асосан аломатларни енгиллаштиришга қаратилган даволаш чоралари қўлланади.
Шу билан бирга, Санэпидқўмита вакили Коксаки вируси ҳақида тарқалаётган хабарлар ортидан ортиқча ваҳимага тушишга асос йўқлигини айтди. Унинг билдиришича, мазкур инфекция Ўзбекистон ҳудуди учун унчалик хос эмас. Касалланиш ҳолатлари кўпроқ Европа, Лотин Америкаси ва бошқа Ғарб мамлакатларида қайд этилади.
Касалликнинг олдини олиш учун шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, қўлларни тез-тез совунлаб ювиш ҳамда инфекция белгилари пайдо бўлганда бошқалар билан яқин мулоқотни чеклаш тавсия этилди.






