АсосийЖАМИЯТ

Наманганда 500 грамм гашишни 4 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс ушланди

Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

'Наманганда 500 грамм гашишни 4 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс ушланди'ning rasmi

Наманган вилоятида 500 грамм гашиш гиёҳвандлик воситасини 4 минг АҚШ долларига сотишга уринган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олишга қаратилган тезкор-профилактик тадбирлар доирасида Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Унда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида яшовчи, 1984 йилда туғилган эркак қўлга олинган. У ўзи билан олиб юрган кўк рангли полиэтилен ўрамдаги моддани шартли харидорга 4 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Экспертиза хулосасига кўра, олиб қўйилган модда таркибида фаол тетрагидроканнабинол мавжуд бўлган гашиш экани аниқланган. Унинг соф оғирлиги 500 граммни ташкил этган. Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, бу миқдор 5 минг дозага тенг.

Мазкур ҳолат юзасидан Тўрақўрғон тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар