1

Бюджет маълумотларини улашишдаги хатоликлар: Бу уқувсизликми, эътиборсизликми ёки беписандликми? (нишонда Сурхондарё вилояти)

ЖАМИЯТ 14.08.2020, 15:17
Бюджет маълумотларини улашишдаги хатоликлар:  Бу уқувсизликми, эътиборсизликми ёки беписандликми? (нишонда Сурхондарё вилояти)

Ҳозирги  кунда маблағ билан, айниқса, давлат бюджети билан боғлиқ харажатлар ҳақида расмий ташкилотлар бераётган маълумотлар халқ эътиборида бўлиб, дарҳол электрон ҳисоблагичларга урилмоқда. Натижада, баъзан номутаносибликлар юзага чиқиб, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бундан кимдир масъулларни оддий ҳисоб-китобларни ҳам билмасликда айбласа, баъзилар етмаётган маблағларни қаерга кетаётганлиги билан қизиқмоқда. Яна кимдир бундай маълумотлар хўжакўрсинга тарқатилаётганини иддао қилиб, буни халққа беписандлик дея баҳолайди. Баёнот бераётган расмийлар учун балки, аҳамиятсиздек кўринаётган ҳисоб-китоблар аслида барча кузатувчиларнинг диққат марказида эканлигидан улар хабардормикин? Нишонимизни Сурхондарё вилоятига қаратамиз ва вилоят Матбуот хизматлари томонидан берилган маълумотлар қанчалик тўлиқ ва мутаносиб эканлигини текширамиз. 

Ижтимоий кўмакка муҳтож, “темир дафтар”га киритилган оилаларни коронавирус пандемияси даврида қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 30 июлдаги ПФ-6038 сонли Фармонида аъзолари 1,7 миллион нафардан ортиқ бўлган 400 мингдан кўпроқ оилага республика бюджетидан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланган эди. Умумий миқдори 380 миллиард сўмни ташкил этадиган маблағлар 15 августгача камбағал оилаларнинг ҳар бир аъзосига бир марталик  220 000 сўмдан тарқатилиши назарда тутилади. Демак, бу малағларнинг аллақачон тарқатилиши бошланганини ҳисобга олиб, берилган маълумотлар мутаносиблигини сиз билан биргаликда ҳисоблаймиз.

1. “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали республика бюджетидан Жарқўрғон туманидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд яна 1137 та оилага ҳам бир марталик моддий ёрдам ажратилган. Моддий ёрдамнинг умумий миқдори 1миллиард 98 миллион 240 минг сўмни ташкил этади. Уйма-уй юрилиб, бундай хонадонларда истиқомат қилувчи 645 нафар фуқаронинг ҳар бирига 220 минг сўмдан тарқатилган.

645 * 220 000 сўм = 141 млн. 900 минг сўм ˂ 1 млрд. 98 млн. 240 минг сўм. Мос келмаяпти. Тафовут катта.

2. Қумўрғон туманидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд яна 1051 та оилага ҳам бир марталик моддий ёрдам ажратилди. Моддий ёрдамнинг умумий миқдори 1 миллиард 57 миллион 765 минг сўмни ташкил этади. Уйма-уй юрилиб, бу каби хонадонларда истиқомат қилувчи 4808 нафар фуқаронинг ҳар бирига 220 минг сўмдан тарқатилган.
 

4808 * 220 000 сўм = 1 млрд. 57 млн. 760 минг сўм. Тўғри тақсимланган.

3. Термиз шаҳридаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд яна 2638 та оилага ҳам бир марталик моддий ёрдам ажратилди. Моддий ёрдамнинг умумий миқдори 2 миллиард 304 миллион сўмни ташкил этади. Уйма-уй юрилиб, бундай хонадонларда истиқомат қилувчи 12098 нафар фуқаронинг ҳар бирига 220 минг сўмдан тарқатилган.

12098 * 220 000 сўм = 2 млрд. 661 млн. 560 минг сўм ˃ 2 млрд. 304 млн. сўм. Мос келмаяпти. Тафовут 357 млн сўм.

4. Музработ туманидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд яна 1093 та оилага ҳам бир марталик моддий ёрдам ажратилди. Моддий ёрдамнинг умумий миқдори 1 миллиард 81 миллион 560 минг сўмни ташкил этади. Уйма-уй юрилиб, бундай хонадонларда истиқомат қилувчи 4852 нафар фуқаронинг ҳар бирига 220 минг сўмдан тарқатилган.

4852 * 220 000 сўм = 1 млрд. 67 млн. 440 минг сўм ˂ 1 млрд. 81 млн. 560 минг сўм. Мос келмаяпти. Тафовут қарийб 14 млн. сўм. 

5. Ангор туманидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд яна 876 та оилага ҳам бир марталик моддий ёрдам ажратилди. Моддий ёрдамнинг умумий миқдори 860 миллион 860 минг сўмни ташкил этади. Уйма-уй юрилиб, бу хонадонларда истиқомат қилувчи 3913 нафар фуқаронинг ҳар бирига 220 минг сўмдан тарқатилган.

3913 * 220 000 = 860 млн. 860 минг сўм. Тўғри тақсимланган.

6. Шеробод туманидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд яна 1330 та оилага ҳам бир марталик моддий ёрдам ажратилди. Моддий ёрдамнинг умумий миқдори 1 миллиард 314 миллион 940 минг сўмни ташкил этади. Уйма-уй юрилиб, бундай хонадонларда истиқомат қилувчи 5977 нафар фуқаронинг ҳар бирига 220 минг сўмдан тарқатилган.

5977 * 220 000 сўм = 1 млрд. 314 млн. 940 минг сўм. Тўғри тақсимланган.

7. Термиз туманидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд яна 523 та оилага ҳам бир марталик моддий ёрдам ажратилди. Моддий ёрдамнинг умумий миқдори 471 миллион 900 минг сўмни ташкил этади. Уйма-уй юрилиб, бундай хонадонларда истиқомат қилувчи 2145 нафар фуқаронинг ҳар бирига 220 минг сўмдан тарқатилди.

2145 * 220 000 сўм = 471 млн. 900 минг сўм. Тўғри тақсимланган.

8. Сариосиё туманидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд яна 1203 та оилага ҳам бир марталик моддий ёрдам ажратилди. Моддий ёрдамнинг умумий миқдори 1 миллиард 278 миллион 200 минг сўмни ташкил этади. Уйма-уй юрилиб, бундай хонадонларда истиқомат қилувчи 5810 нафар фуқаронинг ҳар бирига 220 минг сўмдан тарқатилган.

5810 * 220 000 сўм = 1 млрд. 278 млн. 200 минг сўм. Тўғри тақсимланган.

9. Шўрчи туманидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд яна 1291 та оилага ҳам бир марталик моддий ёрдам ажратилди. Моддий ёрдамнинг умумий миқдори 1 миллиард 375 миллион 880 минг сўмни ташкил этади. Уйма-уй юрилиб, бундай хонадонларда истиқомат қилувчи 6254 нафар фуқаронинг ҳар бирига 220 минг сўмдан тарқатилди.

6254 * 220 000 = 1 млрд. 375 млн. 880 минг сўм. Тўғри тақсимланган.

Хулоса ўрнида 

Тафтишимизни биргина Сурхондарё вилояти мисолида олиб бориб, баъзи туманлар матбуот хизматларининг (Жарқўрғон тумани, Термиз шаҳри ва Музработ тумани) расмий маълумотлар беришдаги хатоликларининг гувоҳи бўлдик. Агар туманларнинг мазкур маблағлар юзасидан ўз асосли изоҳлари бўлса, нега ўз вақтида маълумотлар билан бирга ўша изоҳларини келтириб ўтмайдилар? Ахир улар берган маълумотларини қанча киши ҳисоблаб чиқиши ва шу сабаб қолган масъулларга ҳам ишончсизлик ҳиси уйғотиб қўяётганлигини қачон ҳис қилишар экан? Биз бюджет маълумотларини улашишда масъуллардан синчковлик сўраймиз ва йўл қўйган хатоликлари учун изоҳ кутиб қоламиз.

 

Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ   

 

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1