Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 август куни туризм салоҳиятини кенгайтиришга доир лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Коронавирус пандемияси туфайли халқаро қатновлар тўхтаб, транспортлар ҳаракати чеклангани бутун дунёда, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам туризм соҳасига зарар келтирди. Мамлакатимизда 1 минг 500 дан ортиқ туроператор, 1 минг 200 та меҳмонхонанинг фаолияти тўхтаб қолди. Бу вазият соҳага алоқадор савдо, ҳунармандчилик, транспорт, умумий овқатланиш ва бошқа хизмат кўрсатиш тармоқларида минглаб одамларнинг бандлиги ва даромадига салбий таъсир кўрсатди.
Шу боис давлатимиз томонидан бу соҳани қўллаб-қувватлаш, сайёҳлик масканлари фаолиятини босқичма-босқич тиклаш чоралари кўрилмоқда. Жорий йил 28 майда Президентнинг “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, 19 июнда “Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларда тармоққа пандемиянинг оқибатларини юмшатиш бўйича қатор енгилликлар берилди. Умуман, бугун Ўзбекистонда туризм соҳасини пандемия шароитига мослаштирган ҳолда ривожлантиришнинг замонавий имкониятлари ишга солинмоқда.
Республика махсус комиссиясининг 12 августдаги қарорига мувофиқ, 15 августдан бошлаб автотранспорт воситалари ҳаракати, маҳаллий авиа ва темир йўл қатновига рухсат берилди. Санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, пляжлар, хостеллар ва бошқа дам олиш масканлари фаолияти тикланади. Булар юртимизда сайёҳлик яна ривожланишига шароит яратади.







