22 июль куни Давлат тест маркази томонидан ўтказилган матбуот анжуманида энг ёш ва энг ёши улуғ абитуриентлар ҳақида ҳам маълумот берилган эди. Жумладан, энг ёш абитуриент 13 ёш ва энг ёши катта абитуриент 95 ёш эканлиги хабар қилинганди.
13 ва 95 ёшли абитуриентларнинг ҳаёти ҳам ёшлар учун, ҳам кексалар учун ибрат, мотивация бўлишини ҳисобга олиб, ЎзА мухбирлари мазкур абитуриентларнинг шахсини аниқлаш учун суриштирувлар олиб борганликларини ва бу жараёнда қизиқ бир вазиятга гувоҳ бўлишгани ҳақида ёзишди.
Суриштирувларни ўтказиш жараёнида Халқ таълими вазирлигига журналистик сўрови юборилган ҳамда вазирлик томонидан ҳолатга аниқлик киритилишида катта амалий ёрдам кўрсатилди.
Дастлаб 13 ёшли (14 ёшга тўлмаган) эканлиги айтилаётган Х.А. исмли абитуриент мактабдаги ўқиши даврида синфдан синфга кўчирилган, яъни халқ тилида айтганда “сакраган” бўлса керак, деган вариант кўриб чиқилган. Аммо аниқланишича, у 2009-2010 ўқув йилида 1-синфга қабул қилинган ҳамда 2019-2020 ўқув йилида ўша мактабнинг 11-синфини тамомлаган.
Х.А. ўқиш жараёнида 1-синфдан 11-синфгача тўлиқ таълим олган, яъни ўқиш даврида синфдан синфга сакратилмаган.
Ушбу маълумотлардан сўнг, ўз-ўзидан савол туғилди, қандай қилиб 13 ёшли абитуриент 2009 йилда мактабга чиқиши мумкин, ахир бу пайтда у атиги 2 ярим ёш бўладику?
Шундан сўнг, Халқ таълими вазирлиги кўмаги билан Х.А. истиқомат қиладиган туманнинг ФҲДЁ бўлими орқали унинг туғилган вақтига аниқлик киритилди. Берилган расмий маълумотга кўра, Х.А. 2003 йил 3 декабрда таваллуд топган. Бундан келиб чиқадики, қаҳрамонимиз аслида 16 ёш (декабрь ойида 17 ёшга тўлади) ҳамда мактабнинг 1-синфига қабул қилинган пайтда қарийб 6 ёш бўлган.
Шундан сўнг, нима учун Давлат тест маркази ушбу абитуриентни 13 ёш дея эълон қилганига аниқлик киритиш учун суриштирув давом эттирилди.
Аниқлаган маълумотларга кўра, Х.А.га 2019 йил апрель ойида туман ички ишлар бўлими томонидан 2006 йил 3 декабрда туғилганлиги акс этган фуқаролик паспорти берилган. Фуқаролик паспорти расмийлаштирилаётганда, ҳозирча маълум бўлмаган сабабларга кўра, Х.А.нинг ёши 3 йилга кичрайтирилган.
Шунингдек, суриштирувлар давомида Х.А. футболчилик фаолияти билан шуғулланиши ҳақидаги дастлабки маълумотларни қўлга киритди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси билан боғланиб, бу маълумотлар қанчалик рост ёки ёлғонлигини текширилган.
Дастлаб бундай футболчи ЎзПФЛда рўйхатдан ўтмагани маълум бўлди. Аммо ёшни кичрайтириш масаласига қарши кескин кураш олиб борилаётганлиги, ЎзПФЛ ҳам бу каби қонунбузилиш ҳолатларининг фош бўлишидан манфаатдор эканлигини инобатга олиб, бошқа ҳамкор ташкилотлар орқали мазкур фактни текшириб беришларини таъкидлашди.
ЎзПФЛ аниқлаган маълумотларга кўра, вояга етмаган Х.А. ҳақиқатдан футболчилик фаолияти билан шуғулланади ва туманидаги болалар-ўсмирлар спорт мактабида рўйхатда турган, профессионал футбол лигасида ҳозирча ўйинлар ўтказмаган.
ЎзА суриштируви давомида тўпланган барча материаллар қонун доирасида кўриб чиқилиши учун Бош прокуратурага тақдим этган.






