АсосийЖАМИЯТ

Эркинжон Турдимов Сирдарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди

Айни вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида уни Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири лавозимига тайинлаш масаласи кўриб чиқилмоқда.

'Эркинжон Турдимов Сирдарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди'ning rasmi

Эркинжон Турдимов 2025 йил январь ойида Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган, шу йил декабрь ойида эса вилоят ҳокими лавозимига тасдиқланган эди.

У бунга қадар Самарқанд ва Навоий вилоятлари, шунингдек, Сурхондарё вилоятига раҳбарлик қилган.

Турдимов 1969 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. У 1991–1995 йилларда «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг ҳудудий бўлимларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. 1996 йилгача Зарафшон шаҳри ҳокими ўринбосари бўлган. Кейинчалик Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Навоий бўлимида фаолият юритган.

2000–2008 йилларда Хатирчи тумани ҳокими, 2008–2016 йилларда Навоий вилояти ҳокими бўлиб ишлаган. 2016 йил декабридан Сурхондарё вилоятига раҳбарлик қилган, 2018 йил июлида эса Самарқанд вилояти ҳокими этиб тайинланган.

2024 йил ноябрида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига қайта тасдиқланган Турдимов 2025 йил январь ойида Сирдарё вилоятига раҳбарлик қилишга ўтган.

У 2006 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2024 йилда эса «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланган.

Янги вазирлик ҳақида

2026 йил октябрь ойи бошида Президент фармони билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги негизида ягона Таълим ва илм-фан вазирлиги ташкил этилди.

Янги вазирликни ташкил этишдан мақсад таълимнинг барча босқичлари ўртасидаги узвийликни таъминлаш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, илм-фан ва инсон капиталини ривожлантиришдан иборат.

    Бошқа янгиликлар

    Эркинжон Турдимов Сирдарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди - Darakchi.uz