АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда 9 ойда 1 441 та порахўрлик жинояти аниқланди

Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида 5 064 та жиноят қайд этилган.

'Ўзбекистонда 9 ойда 1 441 та порахўрлик жинояти аниқланди'ning rasmi

Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида коррупция билан боғлиқ 6 809 та жиноят аниқланган. Уларнинг 1 441 таси порахўрлик, 1 603 таси фирибгарлик билан боғлиқ. Шунингдек, ноқонуний муомаладан 3 тоннадан ортиқ гиёҳвандлик воситаси олиб қўйилиб, 319 та нарколаборатория фош этилган.

Бу ҳақда 9 октябрь куни Ички ишлар вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида вазир ўринбосари Рамазон Ашропов маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида жами 24 828 та олдини олиш мумкин бўлган жиноятнинг олди олинган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 021 тага камайган.

Хусусан, вояга етмаганлар иштирокидаги жиноятлар 5,5 фоизга, аёллар томонидан содир этилган жиноятлар 20,7 фоизга, ёшлар иштирокидаги жиноятлар эса 24 фоизга камайган. Маст ҳолда содир этилган жиноятлар 5,4 фоизга, муқаддам судланганлар томонидан содир этилган жиноятлар 8 фоизга қисқарган. Ишсиз фуқаролар томонидан содир этилган жиноятлар эса 21,1 фоизга камайган.

Ҳисобот даврида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар билан боғлиқ 1 393 та жиноят аниқланиб, ноқонуний муомаладан 3 тонна 357 килограмм гиёҳвандлик воситаси олиб қўйилган. Шунингдек, 2 120 квадрат метр майдондаги тақиқланган ўсимликлар йўқ қилинган, назорат остидаги 962 дона дори воситасининг аҳоли орасида тарқалишига йўл қўйилмаган.

Тезкор тадбирлар давомида 319 та ноқонуний нарколаборатория аниқланиб, 122 та уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилган.

Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида 5 064 та жиноят қайд этилган. Уларнинг 2 085 таси қўшмачилик, 165 таси одам савдоси, 1 009 таси ноқонуний қурол муомаласи ва 97 таси маъмурий назорат қоидаларини бузиш билан боғлиқ.

Коррупцияга қарши курашиш доирасида аниқланган 6 809 та жиноятнинг 1 166 таси талон-торож қилиш ва ўзлаштириш, 387 таси ноқонуний валюта операциялари, 1 603 таси фирибгарлик ҳолатларини ташкил этган.

Бундан ташқари, ички ишлар органлари томонидан аввал содир этилган, аммо очилмай қолган 20 мингдан ортиқ жиноят фош этилган. Суд ва тергов органларидан яшириниб юрган қарийб 8 минг нафар қидирувдаги шахс ушланган. Турли сабабларга кўра бедарак йўқолган 4 863 нафар фуқаро эса оилаларига қайтарилган.

    Бошқа янгиликлар

    Ўзбекистонда 9 ойда 1 441 та порахўрлик жинояти аниқланди - Darakchi.uz