АсосийЖАМИЯТ

Меҳнат мигрантларига йўл ҳақи, патент ва суғурта харажатлари учун 10 миллион сўмгача паст ставкада кредитлар ажратилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 17 август куни хорижда меҳна...

'Меҳнат мигрантларига йўл ҳақи, патент ва суғурта харажатлари учун 10 миллион сўмгача паст ставкада кредитлар ажратилади'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 17 август куни хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга муносиб шарт-шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Таъкидланишича, мамлакатимизда ҳар йили 600-700 минг аҳоли меҳнат бозорига кириб келади. Иқтисодиёт тармоқларини ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар натижасида йилига 500 минггача иш ўрни яратилмоқда. Шунинг учун, қарийб 200 минг кишининг бандлигини ташқи меҳнат миграцияси орқали таъминлашга тўғри келмоқда. Бу табиий жараён, барча ривожланаётган давлатлар шундай босқичдан ўтган. Қаерда меҳнат миграцияси тўғри ташкил этилган бўлса, бандлик, оилалар даромади, малакали мутахассислар кўпайган.

Кейинги йилларда хориждаги ватандошларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шароитларини яхшилашга эътибор кучайди. Россия, Қозоғистон, Туркия, Япония ва Бирлашган Араб Амирликлари билан меҳнат миграцияси борасида халқаро шартномалар имзоланди. Чет элларда ишлаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун алоҳида жамғарма ташкил этилиб, 100 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Шу билан бирга, ташқи меҳнат миграция масалалари бўйича Бош вазир маслаҳатчиси лавозими жорий этилди. Шунга қарамай, ечимини кутаётган муаммолар ҳали кўп.

Йиғилишда хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва маданий қўллаб-қувватлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда ҳокимликларга чет элдан қайтган фуқароларга касби, малакаси ва режасидан келиб чиқиб, иш топишига кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилди. 

Хорижда ўзбекистонликлар муносиб шароитларда меҳнат қилиши учун йирик иш берувчи компаниялар билан алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Бунинг учун, аввало, ўша корхоналар талабига мос малакага эга ва тил биладиган мутахассислар тайёрлаш зарур.

Шу боис бу борада янги тизим жорий этилиши белгиланди. Яъни, ҳудудлардаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги филиалларининг ваколатлари кенгайтирилиб, уларга хорижий иш берувчилар билан бевосита шартнома тузиш, миграция хизматлари билан музокаралар ўтказиш ҳуқуқи берилади. Бу филиаллар раҳбарлари вилоят ҳокимининг ёрдамчиси ҳисобланади.

Мутасаддиларга хорижий давлатлардаги йирик иш берувчилар билан музокара ўтказиб, ишчи ва мутахассислар юборишни кўпайтириш, меҳнат мигрантларига йўл ҳақи, патент ва суғурта харажатлари учун 10 миллион сўмгача паст ставкада кредитлар ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 11 августда қабул қилинган қарорида аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, тадбиркорлик асослари ва хорижий тилларга ўқитиш чора-тадбирлари белгиланган эди. Йиғилишда мазкур қарорнинг амалий жиҳатларига тўхталиб ўтилди. Жумладан, чет элда ишлашни истаган фуқароларнинг малакасини ошириш, бунинг учун касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, махсус курслар ва моно-марказлар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Бу масканлардаги ўқув дастурлари, малака кўникмаларини хорижий иш берувчиларнинг талабига мослаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Меҳнат мигрантлари ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш учун Хориждаги фуқароларни ҳимоя қилиш жамғармасидан маблағ ажратиш бўйича кўрсатма берилди.

Шунингдек, чет эллардаги меҳнат миграциясига оид тартиб-таомилларни фуқароларимиз учун енгиллаштириш, юртдошларимиз кўп ишлайдиган шаҳарларда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналарини очиш бўйича топшириқлар берилди. Хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, бу бўйича онлайн платформа ва “кол-марказ” ташкил этиб, малакали адвокатларни жалб қилиш вазифалари қўйилди.

 

    Бошқа янгиликлар