Тошкент вилоятида Cobalt ҳайдовчиси Spark автомашинасини сиқиб чиқариб юборган. Оқибатда Spark йўл четидаги тўсиққа урилиб, ағдарилиб кетган. Йўл-транспорт ҳодисасида одамлар ҳалок бўлган.
Ҳодиса 15 август куни соат 09:30 атрофида "Қорасув — Бўка — Бекобод" автомобиль йўлида содир бўлган. Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг матбуот котиби Бобур Тўлаганов маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Cobalt ва Spark бир йўналишда ҳаракатланиб келаётгани акс этган. Кадрларда Cobalt ҳайдовчиси Spark автомашинасини сиқиб, уни йўлдан чиқариб юборгани кўринади.
Шундан сўнг Spark ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги тўсиққа бориб урилган ва автомашина ағдарилиб кетган.
Йўл-транспорт ҳодисасидан кейин Cobalt ҳайдовчиси воқеа жойидан кетиб қолган. Автомашинанинг давлат рақами видеода аниқ кўринмагани сабабли ҳайдовчини аниқлаш бўйича қидирув ишлари бошланган.
Бироқ ўша куннинг ўзида Cobalt ҳайдовчиси — 30 ёшли Х. А.нинг шахси аниқланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Мазкур нормага кўра, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлса, айбдор муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.






