Электр тармоқларидаги йўқотишларни камайтириш бўйича янги ечимлар таклиф қилинди
Ўзбекистон Фанлар академияси Энергетика муаммолари институти олимлари электр тармоқларидаги техник йўқотишларни камайтириш ва электр таъминоти ишончлилигини ошириш бўйича бир қатор таклифларни ишлаб чиқди.
Тадқиқотлар «Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги ЎРҚ-940-сонли Қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда Жиззах магистраль электр тармоқлари филиалининг 110/10 кВ кучланишли «Чилонзор» подстанциясида ўтказилган.
Ўрганиш давомида электр тармоғидаги йўқотишлар даражаси, трансформаторларнинг юкланиш режими, реактив қувват баланси ҳамда изоляция ресурсининг эскириш кўрсаткичлари таҳлил қилинган.
Тадқиқот натижасида электр тармоғидаги йўқотишларни камайтириш учун реактив қувватни компенсацияловчи қурилмаларни ўрнатиш таклиф этилди. Бу орқали қувват коэффициентини меъёрий даражага яқинлаштириш мумкин.
Шунингдек, подстанцияни SCADA тизими асосида масофадан бошқариш ва электр тармоқларини реал вақт режимида назорат қилиш имкониятларини жорий этиш бўйича тавсиялар берилди.
Олимлар юклама графигини оптималлаштириш мақсадида истеъмол профилини рақамли моделлаштиришни ҳам таклиф қилган.
Қайд этилишича, мазкур илмий асосланган ечимларни амалиётга жорий этиш электр тармоқларидаги техник йўқотишларни сезиларли даражада камайтириш, электр таъминоти ишончлилигини ошириш ва энергетика тизимининг самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилиши мумкин.
Шу билан бирга, бу каби чоралар мамлакат энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган давлат сиёсатининг амалий ижросини таъминлашга қаратилган.






